Профилактика инспекторлари ҳар чоракда аҳоли олдида ҳисобот беради
“Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан профилактика инспекторининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ҳамда хизматни ўташ тартиби белгиланмоқда. Хусусан, инспекторнинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиш, уни хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш ва унга қўшимча вазифалар юклашга йўл қўймаслик назарда тутиляпти.

Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг асосий ва кўмаклашувчи вазифалари белгилаб берилмоқда.
Жумладан, профилактика инспектори ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатларни қабул қилиб, уларга тезкор муносабат билдириши, шахсларни профилактик ҳисобга ва маъмурий назоратга олиши, умумий, махсус ва виктимологик профилактикани амалга ошириши, ҳуқуқбузарликларни аниқлаши ва уларга чек қўйиши, маъмурий ишларни юритиши, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериши, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика ишларини олиб бориши ҳамда жамоат хавфсизлиги ва рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, у қидирув тадбирларида иштирок этиши, тегишли органларга профилактика ишларида кўмаклашиши, пробация назоратидаги шахсларни текшириши мумкин. Қурол ва ўқ-дориларни сақлаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши, тақиқланган ва экстремистик гуруҳларга алоқадор шахсларни аниқлашда иштирок этиши ҳамда оилалардаги ижтимоий-маиший муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этишда ваколатли органларга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда.
Профилактика инспектори ҳар чоракда хизмат ҳудудида амалга оширилган ишлар юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот бериши белгиланмоқда. Бу эса унинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиради. Қолаверса, аҳолининг профилактика инспектори фаолиятига нисбатан “ишончсизлик ташаббуси”ни билдириш механизми ҳам жорий этиляпти.
Ҳужжатда профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини давлат томонидан ҳимоя қилиш, меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш, самарали фаолият юритаётган ходимларни рағбатлантиришга оид кафолатлар ҳам ўз аксини топган.
Муҳокамаларда мазкур ҳужжат ҳуқуқбузарликлар профилактикасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, профилактика инспекторларининг масъулияти ва аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА