Профилактика инспектори томонидан калтакланган фуқаронинг иккинчи суд мажлиси ўтказилди
Жорий йил 4 февраль куни ЎзА сайтида “Яна бир фуқаро профилактика инспектори томонидан калтакланди” деб номланган мақола эълон қилинган эди.
Жорий йил 4 февраль куни ЎзА сайтида “Яна бир фуқаро профилактика инспектори томонидан калтакланди” деб номланган мақола эълон қилинган эди.
Мақолада баён этилган ҳодиса юзасидан Ички ишлар бошқармаси томонидан фуқаро Ж.Хамроқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 1-қисми ва 277-моддаси 2-қисми билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши ЖПКнинг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юбориш чоралари кўрилганлиги, Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 2019 йил 12 октябрда фуқаро Ж.Ҳамроқуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлиги айтилган эди.
Ҳодиса бўйича кўрилаётган иш судга оширилган бўлиб, 7 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судида суд раиси Абдурашид Исақов раислигида биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ж. Ҳамрақулов ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланган эди.
Бугун Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман суди раиси А. Исақов раислигида ушбу иш бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди.
Судда жабрланувчи сифатида ички ишлар профилактика инспектори С. Абдуманнопов ва бошқа воқеа иштирокчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.
Ушбу иш юзасидан суд жараёни давом этади. Навбатдаги суд мажлиси 17 февраль куни ўтказилиши белгиланди.
Суд жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этди. Ишонамизки, суд кўрилаётган иш бўйича адолатли ҳукм чиқаради.