Профессор Карстен Дребенштедт Ўзбекистон тоғ-кон саноати салоҳияти билан танишди
Тоғ-кон ва геология соҳаларида замонавий технологияларни жорий этиш, илмий салоҳиятни ошириш ва малакали мутахассислар тайёрлашда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бу жараёнда илмий-тадқиқотларни таълим ва ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Ана шундай ҳамкорлик доирасида Германиянинг Фрайберг давлат техника университети (TUBAF) профессори Карстен Дребенштедт Саксония олийгоҳларининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ташриф буюрди.

Ташрифда профессорга TUBAFда унинг илмий раҳбарлиги остида таҳсил олаётган уч нафар ўзбекистонлик PhD докторанти ҳамроҳлик қилди. Профессорнинг бир вақтнинг ўзида мамлакатимиздан бўлган уч нафар докторантга раҳбарлик қилаётгани Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий-таълимий ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида эътиборга лойиқ.
Сафар давомида профессор ва докторантлар Геология фанлари университети ҳамда Тошкент давлат техника университетида бўлиб, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар билан учрашди. Мулоқотларда тоғ-кон ва геология соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг делегация Олмалиқ шаҳрига йўл олиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ҳамда Олмалиқ давлат техника институти вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Сафар чоғида профессор Ўзбекистон тоғ-кон саноатининг ишлаб чиқариш салоҳияти, соҳада амалга оширилаётган ишлар ва мутахассислар тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишди.
Ваколатхонанинг хабар беришича, профессор Карстен Дребенштедтнинг юртимизга ташрифи Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий-таълимий алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тоғ-кон ва геология соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА