Профессионал кадрлар – сифатли банк хизмати кафолати
Бугунги кунда банк хизматларисиз ҳаётимизни тасаввур этиш қийин. Зеро, банк тизими аҳолининг кундалик молиявий эҳтиёжларини қондиришда муҳим ўрин тутади ва молиявий жараёнларни анча енгиллаштиради. Шу боис банк хизматлари сифатини муттасил ошириш ҳамда замонавий сервисларни жорий этиш давр талабига айланмоқда.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ҳам мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада юксалтириш, шунингдек, ходимларнинг касбий салоҳияти ва малакасини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Эндиликда замонавий мобиль банк иловалари орқали коммунал тўловлар ва харидлар учун тўловларни уйдан чиқмаган ҳолда бир неча сония ичида амалга ошириш мумкин. Шунингдек, кредитлардан фойдаланиб муҳим молиявий масалаларни ҳал этиш, бўш маблағларни омонатларга жойлаштириш орқали инфляция таъсиридан ҳимояланиш ва қўшимча даромад олиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Пластик карталарни расмийлаштириш, онлайн банк хизматларидан фойдаланиш, пул ўтказмаларини юбориш ва қабул қилиш каби хизматларда ҳам банклар аҳоли учун ишончли ҳамкорга айланиб бормоқда. Бу эса хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштиришни долзарб вазифага айлантирмоқда.
Ана шу мақсадда “Ўзмиллийбанк” томонидан банк тармоғи ва сервисини ривожлантириш бўйича катта менежерлар учун ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарнинг асосий мақсади банк тармоғи фаолияти самарадорлигини ошириш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини такомиллаштириш ҳамда ходимларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришдан иборат бўлди.
Ўқув машғулотларида банкнинг тармоқ ва сервисни ривожлантириш бўйича катта менежерлари иштирок этди.
Дастур доирасида қатнашчилар мижозларга хизмат кўрсатишнинг замонавий стандартлари, банк маҳсулотлари ва хизматларини самарали таклиф этиш усуллари, мижозлар эҳтиёжларини аниқлаш ва улар билан узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш бўйича муҳим билимларга эга бўлди. Шунингдек, банк бўлинмаларида хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга қаратилган замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Семинар давомида амалий мулоқот кўникмаларини ривожлантириш, мижозлар эътирозлари билан самарали ишлаш, сотувлар натижадорлигини ошириш ҳамда банкнинг барча бўлинмаларида ягона хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-30679]
Шунингдек, иштирокчилар амалий кейсларни таҳлил қилиб, ўзаро тажриба алмашди ҳамда кундалик фаолиятда учрайдиган долзарб вазифаларнинг самарали ечимларини муҳокама қилди.
Бундай ўқув тадбирларини мунтазам ташкил этиш ходимларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, мижозга йўналтирилган корпоратив маданиятни ривожлантириш, ягона хизмат кўрсатиш стандартларини мустаҳкамлаш ҳамда банк тармоғини янада ривожлантириш, сервис сифатини ошириш ва сотувлар самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (суратлар),
ЎзА мухбирлари