408 корхонанинг муаммоси саноат штаблари кўмагида ҳал этилди
Давлатимиз раҳбарининг бу йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига Самарқандда ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида махсус штаб фаолияти йўлга қўйилиб, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилмоқда.
Вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, бошқарма ва идоралар раҳбарлари ҳам бизнес вакиллари учун сайёр қабуллар, очиқ мулоқотлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини тингламоқда ва имкон қадар, Президент билан мулоқотга қадар масалаларга ечим топилмоқда. Бундай ёндашув тадбиркорларнинг муаммоларини тезкор ҳал этиш баробарида вилоят иқтисодиёти ривожига катта туртки бермоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш, фаолият давомида улар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун туман ҳамда шаҳарларда саноат штаблари ташкил этилган.
Вилоят ҳокимлигининг маълумотларига кўра, саноат штабларининг ҳокимликлар ва тегишли идоралар билан тизимли ишлаши натижасида йил бошидан буён 408 та саноат корхонасининг муаммолари ижобий ҳал этилиб, ушбу корхоналар томонидан қўшимча 500 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Масалан, Каттақўрғон туманидаги “Mobitex Textile Factories” масъулияти чекланган жамиятининг молиявий аҳволи оғирлашиб, фаолияти тўхтаб қолгач, корхонага янги тадбиркорлар жалб этилди ва ижара асосида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Натижада, 100 нафар ишчининг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, фаолият кўрсатмаётган 2594 та корхонанинг 300 тасини соғломлаштириш ҳисобига қўшимча 20 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилади ва бу борада аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Кам қувватда ишлаётган 16 саноат корхонасининг муаммолари ҳал этилиб, қўшимча 700 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Мисол учун, “Grand Fayz Baraka” масъулияти чекланган жамиятига айланма маблағларини тўлдириш учун банкдан 700 минг доллар миқдорида кредит ажратиб берилди. Жомбойдаги “Amin Invest International” корхонасига ҳам шу мақсадда 500 минг доллар кредит ажратилгач, ишлаб чиқариш ҳажми оширилди.
Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Самарқанд вилояти ялпи ҳудудий маҳсулотида саноат соҳасининг улуши 23,9 фоизни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб уч фоиз ўсишга эришилди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлургия, электротехника ва машинасозлик тармоқлари вилоят саноатининг янги ўсиш нуқталарига айланмоқда. Хусусан, металлургия соҳасида амалга оширилган лойиҳалар натижасида мазкур тармоқнинг иқтисодиётдаги улуши сўнгги йилларда 2,5 фоиздан 16,5 фоизгача ошди. Биргина “Азия металл проф” корхонасида йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида қарийб 4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва ўтган йилга нисбатан икки баробар ўсиш қайд этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири