Профессионал футбол клубларига хусусий инвестициялар жалб этилади
Пойтахтимизда профессионал футбол клубларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва клублар бошқарувида тадбиркорлик субъектлари иштирокини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Унда Президентимизнинг 2026 йил 24 мартдаги «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида профессионал футбол клубларига инвесторлар ва тадбиркорларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Профессионал футбол клубларини тадбиркорлар ёки тадбиркорлар гуруҳига ишончли бошқарувга бериш, хусусий инвестицияларни жалб этиш, корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш ҳамда клублар фаолиятини тижоратлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қарорда белгиланган тартибга кўра, клубнинг йиллик харажатларининг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағларини киритган тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳига профессионал футбол клубини ишончли бошқарувга бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Мазкур механизм клубларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, бошқарув самарадорлигини ошириш, хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва уларнинг ривожланиш салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, профессионал футбол клубларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби юзасидан фикр алмашилиб, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА