Профессионал бокс: Жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари ғолиблари бугун Тошкентда жанг ўтказади
Бугун, 29 май куни пойтахтимиздаги "Ҳумо арена" спорт саройида ўтказиладиган профессионал бокс оқшоми туфайли бокс ихлосмандларининг нигоҳи Тошкентга қаратилади.
Профессионал бокс кечасининг марказий жанги иккинчи энг енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев ва Венесуэла вакили Эгли Москеда ўртасида бўлиб ўтади.
Шунингдек, мазкур бокс оқшомида маҳоратли чарм қўлқоп усталари Лазизбек Мулложонов, Абдумалик Халаков, Отабек Холматов каби ўзбек спортининг ёрқин вакиллари бокс жозибасини намойиш этишади.
Кеча ушбу нуфузли турнир олдидан "Ҳумо арена"да бир қатор расмий тадбирлар бўлиб ўтди.
Айтиш лозим, мазкур бокс оқшоми WBC Eurasia, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамда Lift Promotion ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Жанглар давомида боксчилар халқаро рейтинг очколари учун курашади. Шу билан бирга айрим вазн тоифаларида WBC Eurasia чемпионлик камарлари соҳиблари аниқланади.
Кечанинг марказий жангларидан бири икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби кубалик Робейси Рамирес ҳамда маҳоратли боксчимиз Асрор Воҳидов ўртасида ўтиши кутилмоқда.
Оғир вазн тоифасида Олимпия ўйинлари ғолиби Лазизбек Муллажонов WBC Eurasia чемпионлик камари учун доминиканлик Луис Гарсияга қарши рингга кўтарилади. Истеъдодли боксчимиз, Олимпия ўйинлари ғолиби Абдумалик Халаков ва танзаниялик Рамадхан Идди иштирокидаги беллашув ҳам турнирнинг энг қизиқарли баҳсларидан бири бўлиши шубҳасиз.
Шу билан бирга, ярим оғир вазнда мағлубият нималигини билай келаётган Али Измаилов ҳам WBC Eurasia камари учун рингга кўтарилади.
Бундан ташқари, Шоҳжаҳон Абдуллаев – Дэнис Окоз, Нурислом Исмоилов – Дулла Мбабе, Шоҳаббос Маҳмудов – Асадбек Бекмирзаев жанглари ҳам бокс мухлисларига бир олам завқ тақдим этади.
Т.Рўзиев, ЎзА