Ғолиблар муносиб тақдирланди
Боёвут туманида 16–30 ёш оралиғидаги ёшлар ўртасида мини-футбол ва футбол бўйича ўтказилган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги–2026” мусобақаларининг туман босқичи ҳақиқий спорт байрамига айланди.
Маҳаллалардан шакллантирилган жамоалар ўртасида кечган беллашувлар ёшларнинг жисмоний тайёргарлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва ғалабага бўлган интилишини яққол намоён этди. Турнир давомида майдонларда шиддатли ва муросасиз баҳслар бўлиб ўтди.

Бугун Наврўз маҳалласидаги спорт ўйингоҳида мусобақанинг ғолиб ва совриндор жамоаларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов, Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими раҳбарияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, Ёшлар ишлари бўлими вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими мусобақа иштирокчилари ва ғолиб жамоаларни самимий табриклаб, бундай спорт тадбирлари маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида спортга қизиқишни ошириш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қизғин ва кескин баҳслар якунига кўра, футбол бўйича “Навбаҳор” маҳалласи жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Ширин , учинчи ўрин эса Сармич маҳалласи жамоаларига насиб этди.
Ўғил болалар ўртасида ўтказилган мини-футбол мусобақасида Янгиобод маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда эса “Олмазор” маҳалласи жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар кубок, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан муносиб тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА