Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгаяди
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, ички ишлар органлари номидан 185/2- ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколати пробация хизматининг катта инспекторига бериляпти.
Назорат остидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизнинг ички ишлар органлари тизимида маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида профилактика чора-тадбирлари амалга оширилаётганлигига қарамай, пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Бу эса мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.
Шунингдек, суд томонидан белгиланган чекловлар ва мажбуриятларга риоя этмаётган пробация назоратидаги шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш учун ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурияти юзага келмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси пробация назоратидаги шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ва уларга нисбатан қўлланиладиган таъсир чоралари натижадорлигининг ошишига хизмат қилади.
Йиғилишда шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси ҳам муҳокама қилинди ва савол-жавоблардан сўнг қўллаб-қувватланди.
М.Комилова, ЎзА