Президентликка номзод йўқ. Сайлов барибир ўтадими?
Венгрия парламенти келаси сешанба куни мамлакатнинг янги президентини сайлаш учун овоз беради. Ваҳоланки, овоз бериш санаси белгиланганига қарамай, президентликка расман ҳеч бир номзод кўрсатилмаган. Бу эса мамлакатдаги сиёсий жараёнга қизиқишни янада кучайтирмоқда.
Маълумки, апрель ойида парламент сайловида ғалаба қозонган “Tisza” партияси етакчиси Петер Мадьяр ҳокимиятга келгач, давлат бошқарувидаги муҳим лавозимларни янгилай бошлади. Июль ойида конституцияга ўзгариш киритилиб, амалдаги Президент Тамаш Шуйок лавозимидан озод этилди. Мадьяр уни собиқ бош вазир Виктор Орбаннинг сиёсий таъсиридаги шахс дея баҳолаган.
Ҳукумат раҳбари аввал президентлик лавозимини машҳур шахматчи, жаҳон чемпиони Юдит Полгарга таклиф қилди. Собиқ спортчи мамлакатдаги сиёсий кескинликни важ қилиб, таклифни рад этди. Шундан сўнг Мадьяр ҳуқуқшунос, тарихчи ва жамоат арбоблари билан учрашувлар ўтказди. Билъакс, ҳозирча номзод эълон қилинмаган.
Венгрияда Президент ваколати асосан рамзий ҳисобланса-да, давлат раҳбари қонунларни имзолаш, Конституциявий судга юбориш ва афв этиш ҳуқуқига эга. Нима бўлганда ҳам мазкур лавозим эгаси мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди.
Бу орада Виктор Орбаннинг “Fidesz” партияси амалдаги раҳбар четлатилишини ноқонуний деб баҳолаб, овоз бериш жараёнида иштирок этмаслигини маълум қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА