Президентликка номзод Мақсуда Ворисова: “Ижтимоий ҳимоя қилиш тизими барча муҳтож фуқароларни тўлиқ қамраб олиши зарур”
Номзод навоийлик сайловчилар билан учрашувида қатъий позицияси – давлатдан нафақа олувчилар ва пенсионерларга тўланадиган маблағлар уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қоплаши, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун тенг шароитлар яратиш эканлигини таъкидлади.
– Бугунги кунда Навоий вилоятида давлатдан нафақа олувчилар ва пенсионерлар 131 минг 102 нафарни ташкил этади, – деди М.Ворисова. – Пенсия миқдорини тайинлаш тартиби, уни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал чегараси, яъни пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори чегарасини ошириш масалаларини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, қайта кўриш лозим, деб ҳисоблайман.
Мамлакатимизда босқичма-босқич жамғариб бориладиган механизмларни жорий этиш, асоссиз имтиёзлар, қўшимчалар ва устамалар бериш амалиётидан воз кечиш керак.
Ижтимоий ҳимоя қилиш тизими барча муҳтож фуқароларни тўлиқ қамраб олиши зарур. Яна бир муҳим масала ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун тенг шароитлар яратишдир.
Навоий вилоятида 30 минг 250 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Шундан 3500 нафари биринчи гуруҳ, 24 минг 493 нафари эса иккинчи гуруҳ ва 2256 нафарини учинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.
Бу борадаги тизимни тубдан яхшилаш зарур. Бунинг учун ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида биринчи мақсадда миллий қонунчилигимизни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича конвенциянинг тамойиллари ва меъёрларига мувофиқлаштириш, «Тўсиқсиз ҳаёт» давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, «Ногирон шахслар бандлигига кўмаклашиш» Давлат дастурини қабул қилиш ва “Ногиронларни таълим олиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиш зарур.
Президентликка номзод М.Ворисованинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.


Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА