Ўзбекистон ва Марокаш: кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга хизмат қиладиган ҳужжат имзоланди
Танзаниянинг Аруша шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Марокаш Қироллиги Маслаҳатчилар палатаси раиси Муҳаммад Улд ар-Рашид билан учрашув ўтказди.
Т.Норбоева Марокаш Ўзбекистоннинг Шимолий Африкадаги ишончли ҳамкорларидан бири экани, икки мамлакатни тарихий, маънавий ва маданий яқинлик боғлаб туришини таъкидлади.
Парламент дипломатиясининг икки мамлакатни янада яқинлаштиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилиб, ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, дўстлик гуруҳлари доирасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
М.ар-Рашид парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш давлатлараро алоқаларни ривожлантириш ўзаро алоқаларни ривожлантиришга, иқтисодиётни барқарорлаштиришига эътибор қаратди.

Иқтисодий дипломатия имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва хусусий сектор вакиллари ўртасида шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергетика, савдо ва муҳим минерал ресурслар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди.
Маданий-гуманитар алоқалар ва туризмни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Жорий йилда Марокашдан Ўзбекистонга қарийб 1,6 минг нафар сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинди.
Марокаш Ўзбекистон учун Шимолий Африка, Ўзбекистон эса Марокаш учун Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтиришда муҳим боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.

Парламентлараро мулоқотни тизимли йўлга қўйиш мақсадида парламентлараро комиссия тузиш ва унинг йиғилишларини навбатма-навбат икки мамлакатда ўтказиш таклиф қилинди. Биринчи йиғилишни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси билдирилди.
Учрашув якунида парламентлараро мулоқотни тизимли ва самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Марокаш Қироллиги парламенти Маслаҳатчилар палатаси ўртасида Парламентлараро ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат парламентлари ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА