Президентимиз самарали бошқарув қанчалик муҳим эканига эътибор қаратди
–Вазирлик ва агентликлар, қўмита ва инспекциялар фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг аҳоли олдидаги масъулиятини янада ошириш энди доимий эътиборимизда бўлади. Бундан буён “жараён учун” эмас, “натижа учун” ишлаш тамойили идоралар фаолиятида асосий мезонга айланади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу нуқтаи назардан, “Сифатли давлат бошқаруви” дастури мутлақо янги бошқарув маданияти ва дунёқарашни шакллантиришга қаратилган ислоҳотдир.
Ушбу дастур давлат идоралари фаолиятини холис баҳолаш, уларнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш, энг илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашни кўзлайди.
Жорий йил январ-апрель ойларида дастур доирасида давлат идоралари фаолияти, бошқарув сифати ва раҳбар кадрларнинг етакчилик қобилияти халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан баҳоланди.
Танловда 40 та республика идораси ва уларнинг ходимлари иштирок этди.
ЎзА