Президентимиз барча ғолибларнинг лавозимларини бир поғона кўтариб, раҳбар кадрлар захирасига киритишни таклиф қилди
Президент Шавкат Мирзиёев “Сифатли давлат бошқаруви” дастури бўйича форум ва тақдирлаш маросимида нутқ сўзлади.
Танлов доирасида Тоғ-кон ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Мақсуд Болибеков энг намунали раҳбар ходим;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Мўминов энг намунали маъмурий ходим;
“Ўзатом” агентлиги бош мутахассиси Шоҳмирзо Умаров энг намунали мутахассис ходим;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Умматой Йўлдошева энг намунали аёл ходим;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лойиҳа офиси раҳбари Акбархон Собирхонов энг намунали истеъдодли ёш ходим;
Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Мирсаид Рахматов инсон ресурслари бўйича энг намунали ходим сифатида ғолиб бўлди.
Президентимиз барча ғолибларнинг лавозимларини бир поғона кўтариб, раҳбар кадрлар захирасига киритишни таклиф қилди. Уларнинг теран фикрлаши, ўз устида доимий ишлаши, меҳнат фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий қилиши бошқалар учун ўрнак экани таъкидланди.
–Бугунги тадбирда яхши натижа кўрсатганларни эътироф этяпмиз. Бироқ келгуси сафардан бошлаб рўйхатнинг охирида қолган давлат идоралари номини ҳам очиқ айтамиз. Фаолиятида жиддий камчиликлар кўзга ташланаётган, самарадорлик ва хизмат сифати бўйича оқсаётган ташкилотлар бундан ўзига жиддий хулоса чиқариши керак, – деди Президентимиз.
ЎзА