Президент Трамп Ўзбекистонга келадими? Морган Ортагус бу саволни АҚШ раҳбарига етказишини айтди
Трамп маъмуриятининг ташқи сиёсатини ҳар куни дунё аҳлига тушунтириш билан банд Морган Ортагус яқинда раҳбари — Давлат котиби Майк Помпео билан Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлди.
Трамп маъмуриятининг ташқи сиёсатини ҳар куни дунё аҳлига тушунтириш билан банд Морган Ортагус яқинда раҳбари — Давлат котиби Майк Помпео билан Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлди.
Ортагус хоним бу ташриф Вашингтон учун қандай аҳамиятга эга экани ҳақида сўзлади ва қатор саволларга жавоб берди.
Навбаҳор Имомова: — Марказий Осиёга бориб келдингиз. Минтақага биринчи марта бордингиз шундайми?
Морган Ортагус: — Ҳа, мен учун шараф у жойларга ташриф буюриш. Вашингтонга 13-14 йил олдин кўчиб келганимда, бу ерда биринчи борган элчихонам Ўзбекистонники бўлган. Зиёфатга борганман ва жуда қизиқиб қолганман. Ташқи сиёсатга ҳам қизиқишим кучайиб кетди шундан кейин.
— Сафардан олдин Марказий Осиё ҳақида қанчалик билар эдингиз?
— Давлат котиби Майк Помпео билан дунё кезар эканмиз, бу минтақани ҳам кўрдик. Билимим бойиб бораяпти. Ажойиб интеллектуал синов бу. Марказий Осиё Трамп маъмурияти назарида ниҳоятда муҳим регион. “C5+1” форматидаги мулоқот ҳам кучайиб бораётганини кўрсатдик. Давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги мустаҳкамланавериши керак деб ҳисоблаймиз. Америка Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакат билан яқиндан ишлайди. Давлат котиби Помпео ҳар доим бир нарсани уқтиради: бориш керак, кўриш керак.
— АҚШ бош дипломати 2015 йилдан бери дунёнинг бу қисмига бормаган эди. Ҳозир ўзингиз айтдингиз, бориш керак ва кўриш керак, деб. Бу аслида нимани англатади?
— Жиддий сабаблар билан бордик у ерга. Масалан, Ўзбекистон Президенти бошлаган ислоҳотларни муҳокама қилиш. Биз бу жараёнларни қувватлаймиз. Америка бизнеслари ва сармояси учун шароит яхшиланиб, имкониятлар очилишини хоҳлаймиз. Иккинчиси, диний эркинлик тарғиботи. Давлат котиби Майк Помпео учун жуда муҳим масала.
Яна бир долзарб омил — Ўзбекистон терроризмга қарши курашда бизнинг ҳамкоримиз. Америка матбуоти Афғонистондаги урушни ёритиш билангина чекланади, лекин аслида бизнинг у ердаги миссиямизда Ўзбекистон бизга ёрдам бериб келмоқда.
— Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан мулоқотда эшитган гапларингиздан қай бири Вашингтонда алоҳида муҳокама қилишга молик деб ўйладингиз?
— Шахсий мулоқотлар тафсилотини бўлишолмайман, лекин Давлат котиби Помпео минтақага нисбатан янги стратегиямизга жиддий қараб, Жанубий ва Марказий Осиё бўйича муовини Элис Уэллс билан бу борада анча гаплашиб олди. Терроризмга қарши кураш — бирламчи масала. Иккинчиси — Марказий Осиё давлатлари билиши керакки, биз уларга дўстмиз, шерикмиз ва ҳамкорликни қадрлаймиз.
Россия, Хитой ва бошқа геосиёсий рақибларимиз минтақада ўз таъсирни кучайтирар экан, Марказий Осиёга Америка ҳам ўз қадриятларини эслатиб туради.
Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа жамиятларга айтамизки, биз диний эркинлик, ҳамжиҳатлик ва толерантлик тарафдоримиз. Биз адолатли бизнес тарафдоримиз. Ошкоралик ва жавобгарлик биз учун муҳим. Суверенитет, миллий ўзлик, мустақиллик биз учун муҳим ва биз сизга бу борада кўмаклашамиз.
Мулоқотларда энергетика ҳақида ҳам алоҳида тўхталдик. Украина ва Беларусда ҳам бу борада гаплашдик. Америка — энергетик таъминотчи. Биз бу соҳада ҳам ёрдамга тайёрмиз.
— Бу айтаётганларингиз ҳақида олдин ҳам эшитганмиз — олдинги президентлар пайтида, олдинги дипломатлардан, шу ерда. Америкада сайлов йили. Бир неча ойдан кейин Помпео бу ерда ўтирмаслиги мумкин. Трамп маъмурияти стратегияни нега шу пайтда янгиламоқда? Нимаси билан муҳим бу?
— Қўшма Штатлар – барқарор демократия. Ҳар икки йилда, ҳар тўрт йилда сайлов. Лавозимлардаги одамлар ўзгариб туради. Тўғри, биз ҳам кетишимиз мумкин. Бироқ Марказий Осиёга нисбатан сиёсатимиз партия танламайди. Қадриятларимиз ҳам партия танламайди. Стратегия асоси ўзгармайди. Суверенитет, мустақиллик, манфаатлар – булар ўзгармас.
Давлат котиби беш йилда биринчи марта борди, дедингиз. Бу орада Хитойнинг роли кучайди. Нафақат савдо ва бизнес бобида, балки мусулмонларга, озчиликдаги элатларга босимни оширди. Бу босим Марказий Осиёга ҳам таъсир қилади. Шу боис биз бориб, айтамиз, биз шу ердамиз. Қадриятларимиз, садоқатимиз, меъёр ва тажрибамиз — барчаси Марказий Осиё халқлари хоҳиши билан ҳамоҳанг. Хитой текинга ёки арзонга нима таклиф қилишидан қатъи назар, биз билан тенглаша олмайди.

— Қозоғистонда ва Ўзбекистонда бирдек сўралган нарса: Президент Трамп минтақага келадими? Шу пайтгача Американинг бирор президенти Марказий Осиёга қадам қўймаган.
— Мен буни Давлат котиби Помпео ва Президент Трампга албатта эслатиб, айтиб қўяман. Президент бу йил энди кўпроқ мамлакатда бўлади, чунки сайлов йили ва кампания қизғин тусга кирмоқда.
— Тошкентга етиб боришингиз биланоқ уламолар ва диний фаоллар билан учрашдингиз. Медиа билан эмас, фуқаро жамияти аъзолари ёки одатдагидек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан эмас, тақводорлар билан. Нега?
— Бу биз учун ниҳоятда муҳим. Давлат котиби Помпео учун эътиқод эркинлиги тарғиботи устувор вазифалардан. Биз икки бор бу мавзуга бағишлаб, вазирлар даражасида катта анжуманлар ўтказдик. Помпео қай юртга бормасин, диний эркинликка урғу беради. Ўзбекистонда ҳам шундай қилдик. Ҳамжиҳатлик, толерантлик...
— Суҳбат учун катта раҳмат!
Навбаҳор ИМОМОВА, "Америка овози"-ЎзА.
Вашингтон