Адолат йўлида қилинган хизматлар ҳеч қачон унутилмайди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги “9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида инсон қадрини улуғлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимизга меҳр ва эътибор кўрсатишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Зеро, бу қадриятларга амал қилиш Конституция ва «Ўзбекистон - 2030» стратегиясида белгиланган бош тамойиллардан.
Бу борада Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашларда қурбон бўлган ота-боболаримиз, истиқлол даврида Ватанимиз мустақиллиги ҳимояси йўлида жон фидо этган мард ўғлонларимиз хотирасини ёд этиш, бугунги кунда орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларига, жонкуяр ватандошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга оид ишлар кўлами кенгайди.

Уларнинг шонли умр йўли, меҳнат фаолияти халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигига айланиб, ёш авлодни ватанпарвар инсонлар этиб камол топтиришда жасорат ва матонат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Қарор билан тасдиқланган “9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури”га кўра барча тадбирлар “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида ўтказилмоқда.
Дастурда маданий-маърифий тадбирлар, «уч авлод учрашувлари», тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар ва оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунга мувофиқ, «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот марказида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан фахрийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Мазкур учрашувда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган, ўзининг ҳаёт йўли ҳамда касбий тажрибаси билан ўрнак бўла олган Мирфайзи Мирсамадов, Дилбар Дўсжонова, Манзура Алимова, Акмалхон Инонбобоев, Улуғбек Аюбов, Муаттар Асқарова, Гулнора Турсунбаева каби фахрий ходимлар иштирок этди.
Тадбирда фахрийлар ўзларининг ҳаётий тажрибалари ҳамда касбий маҳоратларидан келиб чиқиб, ходимларга қимматли маслаҳат ва тавсияларини берди.
Бу каби учрашувлар нафақат самимий мулоқот майдони, балки тажриба, билим ва қадриятлар алмашинуви сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Фахрий ходимларнинг бой тажрибаси ва ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлод учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Ҳар бир жамиятнинг кучи унинг хотираси, тажрибаси ва давомийлигидадир. Вақт ўтади, авлодлар алмашади, аммо адолат йўлида қилинган хизматлар ҳеч қачон унутилмайди.
Н.Абдураимова,
ЎзА