Президент топшириқлари юқори натижаларга айланмоқда
Олий таълимдаги ислоҳотлар самараси, аввало, таълим сифатининг юксалиши, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва берилган вазифаларнинг амалдаги натижасида намоён бўлади. Жиззах Политехника институтида бугун ана шу мезонлар уйғунлашиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи давомида белгиланган муҳим вазифалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида Жиззах Политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди. Замонавий таълимни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, ёшларни саноат учун зарур ва рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлаш, уларнинг касбий кўникмаларини амалиёт билан мустаҳкамлашга қаратилган ишлар эътибор марказида бўлди. Президент мини-конвейерда ишлаётган талабалар билан суҳбатлашиб, республика ва вилоят фаоллари билан мулоқот қилди.
Бугун орадан ўтган вақт мобайнида ана шу вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида Жиззах политехника институтида 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб “Ўзавтосаноат” АЖ, “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси ҳамда “ADM Jizzax” автомобиль заводлари билан ҳамкорликда “Муҳандислик мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Унинг асосий мақсади мамлакат саноати, айниқса, автомобилсозлик ва ишлаб чиқариш тармоқлари учун замонавий технологиялар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини пухта ўзлаштирган, юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлашдан иборат.
Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув асосида ташкил этилган. Иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар “BYD” заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Улар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотлар ўтаб, махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имкониятига эга. Бу эса таълимни диплом билан якунланадиган жараён эмас, балки аниқ касб ва иш ўрнига олиб борадиган тизимга айлантираётгани билан аҳамиятлидир.

Муҳандислик мактабида замонавий ўқув платформалари ташкил этилиб, 16 та янги таълим дастури асосида ўқув режалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Автомобиль ишлаб чиқаришнинг пайвандлаш, бўяш, йиғиш, электрон тизимларни улаш, сифат назорати ҳамда синов жараёнларини қамраб олган мини-конвейер ишлаб чиқариш линиясининг ташкил этилгани назарий билимни бевосита амалиёт билан боғлаш имконини бермоқда.
Бу ерда электромобиль ва қувватлаш станциясининг тузилиши, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги, таннарх ва реверс муҳандислиги йўналишларига ихтисослашган махсус хоналар ҳам ташкил қилинган. Шунингдек, маҳсулотни техник-аналитик солиштириш, харажатларни моделлаштириш (cost modeling), ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, жараёнларни жаҳоншумул стандартлар билан таққослаш каби замонавий кўникмалар ўргатилмоқда.
Эътиборлиси, мазкур мактаб фақат талабалар учун эмас. Соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун малака ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ҳамда тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган. Автомобиль заводига ишга кирувчи номзодлар, завод ишчилари ва ишсиз ёшларга қисқа муддатли курсларда ўзлари қизиққан касблар ўргатилмоқда.

Касбий тайёргарлик йўналишлари ҳам кенгайиб бормоқда. Жумладан, машинасозлик технологияси, электрон техникаларни монтаж қилиш ва созлаш, электротехника воситаларига хизмат кўрсатиш, компьютер графикаси ва мультимедиа тизимлари, компьютер инжиниринги технологиялари ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида ўқувлар ташкил этилмоқда. Ишсиз ёшлар касбга тайёрланиб, курслар якунида уларга касбий сертификатлар топширилмоқда.
Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси таклифига асосан ижтимоий ҳимоя реестрида рўйхатда турган оилалар фарзандлари учун “Замонавий электромобилларга техник хизмат кўрсатиш” ўқув дастури асосида 2 ойлик, 288 соатлик махсус курс ташкил этилди. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон техникумнинг 32 нафар ўқувчиси учун ҳам 1 ойлик махсус курс ўтказилиб, уни муваффақиятли тамомлаганларга касбий сертификатлар топширилди. Уларнинг 14 нафари билан келгуси ўқув йилида суҳбат асосида Жиззах политехника институтига ўқишга қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифда белгиланган вазифаларнинг яна бир муҳим жиҳати таълим олувчига эътибор ва очиқ мулоқот муҳитини кучайтиришдир. Бугун институт ректори, техника фанлари доктори, профессор Алишер Усмонқулов иккинчи мутахассисликка қабул қилинган талабалар билан учрашиб, уларнинг ўқиш жараёни, дуч келиши мумкин бўлган масалалар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашди.

Ректор талабаларни янги ўқув йили билан табриклаб, уларга ўқишларида омад ва зафарлар тилади, келгусида ўз соҳасининг етук ва малакали мутахассислари бўлиб етишишига ишонч билдирди. Мулоқотда билимни чуқур эгаллаш, вақтдан унумли фойдаланиш, мустақил изланиш ва танлаган касбига масъулият билан ёндашиш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида улар турли йўналишларда амалий кўмак кўрсатиш учун масъул этиб белгиланган институт ходимлари билан таништирилди. Муайян масала ёки муаммо юзага келганда қайси масъулларга мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди. Ҳал этилмаган масалалар, муаммолар, шикоят ёки таклифлар бўйича институт ректорининг виртуал қабулхонаси — @Ректор_қабулхонаси_бот орқали мурожаат қилиш мумкинлиги ҳам таъкидланди.
Бу каби ёндашувлар таълим муассасасида ёшларнинг нафақат билим олиши, балки ўзини эркин ҳис қилиши, муаммосига ечим топиши ва келажакка ишонч билан қадам қўйиши учун зарур шароит яратади.
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззахга ташрифи давомида асосий мақсад аҳоли, хусусан, ёшларга муносиб шароит яратиш ва уларни юқори даромадли иш билан таъминлаш эканини таъкидлаган эди. Бугун Жиззах политехника институтида йўлга қўйилаётган Муҳандислик мактаби, дуал таълим, ишлаб чиқаришга яқинлаштирилган ўқув жараёни ва касбий тайёргарлик курслари ана шу мақсаднинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Зеро, берилган топшириқнинг ҳақиқий қиймати унинг қоғозда қолмаслиги, аниқ натижага айланишида. Жиззах политехника институтида эса ташриф давомида белгиланган вазифалар бугун замонавий таълим, ишлаб чиқариш билан ҳамкорлик, касбий тайёргарлик ва ёшларга яратилаётган янги имкониятларда ўз ифодасини топмоқда.
Учрашув самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири