Президент топшириқлари сўзсиз бажарилади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 25 октябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Президентимизнинг фармон ва қарорлари ижроси шу билан бирга ўтказилаётган ҳар бир ислоҳотлар вилоят ҳаётида ўзининг аксини топмоқда. Таҳлилларга қарайдиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятда 12 минг 500 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Айни пайтда 55 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Бу ишлар самарасида 32 мингта янги иш ўрни яратилди. Албатта бу жараёнда муаммоларимиз ҳам етарли.
Топшириққа кўра, ҳар бир маҳаллага тушиб, таҳлил қилдик. Вилоятда 94 та тадбиркорлик муҳити оғир бўлган маҳаллалар аниқланди. Бу ҳолатни аниқлашда, албатта жойлардаги ҳоким ёрдамчилари фаолиятидан кенг фойдаланилди. Олис ҳудуддаги 28 та, инфратузилмаси оғир бўлган 31 та, лидер тадбиркори йўқ 23 та, ишсизлик юқори бўлган 12 та жами 94 та маҳалла оғир маҳаллалар тоифасига киритилди.
Бу йўналиш бўйича янги ишни ташкил қилиб, мазкур туманларда ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш учун ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган 4 минг 100 та янги лойиҳалар учун қўшимча 133 миллиард сўм ресурсга эҳтиёж борлигини айтдик. Президентимиз томонидан бу маблағ ажратиб берилди. Шу билан бирга ҳозирги кунда савдода 144 та объектимиз турибди. Шундан 41 таси бир йилдан ортиқ муддатда турибди ёки 82 тасини савдода турганига 3 ойдан ошган. Бу йўналиш бўйича ҳам демак 3 ойдан ошган савдода турган объектларимизни 50 фоизгача пасайтиришни тезлаштириш бўйича амалий ёрдам сўрадик. Шу билан бирга нархи арзонлаштирилган ва бир йил муддатда савдода турган объектларнинг қийматини 5 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат сўрадик ва Президентимиз рухсат берди. Албатта, буларнинг келгусида ишга тушиши бюджетимизга қўшимча 341 миллиард сўм маблағ тушишига олиб келади. Шу билан бирга янги 1150 та иш ўрни пайдо бўлади.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилда 561 миллиард сўмлик имтиёзли кредит фуқароларга тарқатилди. Кейинги йилда 800 миллиард ва 29 миллиард сўмлик субсидияга эҳтиёж бор. Бунинг натижасида 15 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади. Маҳаллабай микро лойиҳалар шакллантирилади. 11 мингдан ортиқ микро лойиҳаларни ишга тушириш учун 2,5 триллион сўмдан ортиқ кредит сарфланади. Бу вилоятда 37 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Келгуси йилда 15 та “Обод маҳалла” марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу 210 та субъектларни пайдо бўлишига олиб келади ва 1,5 мингта янги иш ўрни яратилади. Албатта бу ташкил этилаётган обод маҳалла марказларида мономарказлар, маданият саройлари, ҳунармандчилик марказлари, савдо ва сервис объектлари ишга тушади. Шу билан бирга аҳоли хонадонлари оқова сув билан таъминланиб, ҳар бир маҳаллада 20 тадан тўгарак ташкил этилади. Бу камида 1,5 мингта фарзандларимизни тўгаракларга қамраб олиш имконини беради.
Умуман хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича вилоятнинг имкониятлари жуда катта. Йўл бўйида сервисни ривожлантириш учун 120 гектар ернинг тоифасини ўзгартириш бўйича таклиф киритдик. Таклифимиз Президентимиз томонидан маъқулланди. Мана шу йўл бўйларида 1,5 мингдан ортиқ янги сервис объектлари ташкил этилади ва бу билан 6,5 мингта янги иш ўрни яратилади.
Туризм соҳасини ривожлантириш олдимизда турган асосий вазифалардан бири. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида келадиган туристларни Қашқадарё вилоятига жалб қилиш бўйича аниқ мақсад қўйилган. Саҳродан музликкача туризм магистрали ташкил этилмоқда. Бу йўналишда демак Самарқанд вилоятидан Чироқчи тумани орқали Шаҳрисабз туманига келадиган 30 километр йўл бўйича масала кўтарилди ва бу таъмирлашга қўйилди. Албатта бундай масканларни ташкил этишимиз, янги дам олиш масканлари, умумий овқатланиш масканлари ёки янги меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ташкил этилади. Бу хорижий туристлар сонини уч бараварга, маҳаллий туристлар сонини икки баробарга ошишига ва экспорт салоҳиятимизни 10 миллиондан 100 миллион долларгача ўстириш, 10 мингга яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Саноат соҳасини ривожлантириш ҳам вилоят олдида турган энг муҳим вазифалардан саналади. Чунки саноатда бугунги кунда 45 минг нафарга яқин фуқаролар ишлайди. Вилоятда жойлашган йирик саноат корхоналари билан кафолатли харид механизми жорий қилинмоқда. Бу йўналишда 65 та 640 миллиард сўмлик лойиҳалар шакллантирилди. Шу билан бирга саноат зоналари салоҳиятидан фойдаланиш учун Қашқадарё вилоятида имкониятлар жуда катта. Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган бўш турган объектларда 50 та лойиҳа асосида янги кичик саноат зоналарини ташкил этишни ўзимизга вазифа қилиб олдик. Шу билан биргаликда норуда қазилмаларни ўзлаштириш ҳисобига 22 та конларни аукционга чиқариш ва уларни сотилиши натижасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва қўшимча қийматни белгилаш бўйича топшириқ олдик. Тўқимачилик саноатини ривожлантириш ҳам Қашқадарё вилоятида энг ривожланаётган соҳалардан бири. Бу йўналишда демак пахтани чуқур қайта ишлашни ҳозирги кунда 32 фоиздан 56 фоизга ўстиришимиз керак. Бу билан янги 12 та лойиҳа 2,1 триллион сўмлик лойиҳалар ишга тушади. Бу билан 3,5 мингта янги иш ўрни яратилади.
Қурилиш ва электротехника саноатини ривожлантириш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан биридир. Президентимиз топшириғига кўра, Қарши эркин иқтисодий зонасига “Solor” кластер ташкил этилди. Ҳозирги кунда 310 миллиард сўмлик 6 та лойиҳа бўйича ишлар бошланди. Бу нима беради? Бу эртага албатта ҳудудий саноат маҳсулотларини 6 триллиондан 9 триллион сўмга ўсишига, аҳоли жон бошига эса 4,4 миллион сўмдан 6,3 миллион сўмга ўсишига олиб келади.
2023 йилда фойдаланишдан чиқарилган 18 минг гектар ерни фойдаланишга киритишни 22 мингта лотларга бўлиб, 10 минг 500 гектар ерни аҳолимизга тарқатишни, бу билан биргаликда ҳосилдорликни оширишни ўзимизга мақсад қилганмиз. Шу билан бирга ҳар бир фермер, деҳқон хўжаликлари далаларининг четида 7 миллион 200 мингта тут ва ток кўчатлари экилади. Бу албатта эртага аҳолимизни қўшимча даромад олиши, ипакчилик саноати, озиқ-овқат саноати ривожига хизмат қилади.
23 минг гектар пахта майдонини томчилатиб суғоришни, 20 минг гектар ғалла майдонини ёмғирлатиб суғоришни олдимизга мақсад қилганмиз. 2023 йилда 65 минг 900 гектарга сув тежовчи технологиялар жорий қилинади.
Қашқадарё вилояти шароитида сувдан оқилона фойдаланиш жуда муҳим. Сув етказиб бериш харажатларимиз жуда юқори. Албатта сувни йўқотилишини олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Келгусида 14 минг километр каналлар, 4 та насос станцияси, 10 километрдан ортиқ коллекторлар кластерларга ажратиб берилади. Шу билан бирга 300 та тик қудуқлар қазилиб, 9 минг 300 та хонадондаги 744 гектар томорқалар сув билан таъминланади. Умуман 846 та рақамли қурилмалар ўрнатилиб, сувни тежаш ва сув соҳасига 73 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Жорий йилда вилоятдаги 55 та маҳаллага тоза ичимлик суви етиб боради. Ҳозирги кунда 1 минг 500 километр сув тармоқлари тортиш ишлари якунланди. Келгусида бу кўрсаткич янада ошади. 60 та маҳаллага тоза ичимлик суви етказилади. 1 минг 600 километр сув тармоқлари тортилади.
Йиғилишда Президентимиз томонидан Косон ва Муборак туманларини ичимлик сув таъминотини яхшилаш лойиҳасини тезлаштириш, умуман Қарши шаҳрида канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳасига маблағ ажратиш бўйича, шу билан бирга Шаҳрисабз, Китоб шаҳарларида канализация тизимини реконструкция қилиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.
Аҳолимизни уй-жой билан таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича алоҳида топшириқ берилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 1512 та хонадонли 55 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда Косон ва Яккабоғ туманларидаги Янги Ўзбекистон массивларида 1116 хонадонли 55 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. 1349 та хонадонга эга 36 та кўп қаватли уйлар йил якуни билан фойдаланишга топширилади. Шу билан бирга йиғилишда ҳурматли Президентимиз томонидан Қарши ва Китоб туманида Янги Ўзбекистон массивларини ташкил этиш Косон, Яккабоғ, Кўкдала ва Ғузор туманларида Янги Ўзбекистон массиви доирасида қурилаётган кўп қаватли уйларда қуриш суръатларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди. Бу объектлар атрофида 3 та мактаб, 4 та болалар боғчаси ва 3 та тиббиёт муассасаларини жойлаштириш бўйича топшириқ берилди.
Агар рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2017 йил январь ойида Қашқадарё вилоятида 317 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 2866 тага етди. Кундан-кунга қамров даражаси ошиб бормоқда. Албатта боғчаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, таълим сифатини ошириш бўйича топшириқ берилди
Президентимиз томонидан. Финляндия модели асосида туман ва шаҳарлардаги мактабларда пилот лойиҳа сифатида таълим жараёнини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Бу йўналишда ҳам муайян ишлар амалга оширилади. Берилган топшириқларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туман, шаҳар ва маҳаллалари кесимида таҳлиллар олиб борилади. Ишлаб чиқилган аниқ дастурлар асосида тизимли ишлар йўлга қўйилади.
Муротжон Азимов,
Қашқадарё вилояти ҳокими.
ЎзА