Президент топшириғи амалда: микро ГЭСлар қурилмоқда
Давлатимиз раҳбари шу йил 1 февраль куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли сонининг ўсиши билан электр истеъмоли ортиб бораётганлиги, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, қуёш, шамолдан электр энергияси олишга қаратилган лойиҳаларни ҳамда гидроэлектр станцияларни ишга тушириш бўйича топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқлардан келиб чиқиб Андижон вилоятида 41 та микро гидроэлектр станцияларини қуриш ва ишга тушириш белгиланди. Бугунги кунда хитойлик, россиялик мутахассислар жалб этилиб, мазкур йўналишда бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Жалақудуқ ва Андижон туманларида бўлиб, мини гидроэлектр станциялар қурилиши жараёнлари билан танишди.
[gallery-11501]
Дастлаб вилоят ҳокими Жалақудуқ туманидаги Ҳақиқат маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорағулон ташламасида барпо этилаётган 90 мегават электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга кичик ГЭС қурилиши жараёнини кўздан кечирди, мутасадди, мутахассислар билан мулоқот ўтказди. Белгиланган ишларни сифатли ва белгиланган муддатда амалга ошириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди. Шундан сўнг вилоят раҳбари Андижон туманидаги Янги тўлқин маҳалласи ҳудудида қурилаётган мини гидроэлектр станциясини бориб кўрди.
Мутахассисларнинг айтишича, йиллик қуввати 1,18 миллион киловаттни ташкил этадиган мазкур микро ГЭС фойдаланишга топширилгач, соатига 200 кВт электр энергияси ишлаб чиқарилади, ҳудуд аҳолисининг электр энергиясига бўлган талаби тўла қондирилади. Вилоят ҳокими ГЭСлар қурилиши билан боғлиқ ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқ ва тавсиялар берди.
Умуман, вилоятда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш, яъни янги гидроэлектр станциялар қуриш, узоқ йиллардан буён ишламай турган мини ГЭСларни ишга тушириш орқали аҳолини электр энергиясига бўлган талабини қондиришга қаратилган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА