Шерзод Асадов: сунъий интеллект медиа олдига янги вазифалар қўймоқда
Тошкентда 9 ноябрь куни ЎзА ва ТАСС ахборот агентликлари томонидан ташкил этилган III Ўзбекистон – Россия медиафоруми ўз ишини бошлади.
Тадбирда икки мамлакат Президентлари Администрацияларининг юқори мартабали вакиллари, етакчи оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистлар, экспертлар ҳамда медиа ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов форумнинг очилишидаги нутқида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган мунтазам мулоқоти мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, медиа ва коммуникациялар соҳасидаги алоқалар ривожига кучли суръат бағишлаётганини таъкидлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ахборот маконида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Бугунги кунда мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларининг 67 фоизи нодавлат секторга тўғри келади, интернетдан фойдаланиш даражаси 94 фоизга етди. Рақамли контент ишлаб чиқариш кўлами кенгаймоқда, Марказий Осиёда биринчи миллий медиабанк ишга туширилди.

Шу билан бирга, сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши профессионал медиа ҳамжамияти олдига янги вазифаларни қўймоқда. Ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш, журналистларнинг масъулиятини ошириш, фейклар ва дезинформацияга қарши курашиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ахборот хуружлари ва ёлғон хабарлар мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз ўртасида ишончсизлик ва келишмовчиликларга сабаб бўлмаслиги керак. Аксинча, сўз ва ахборот ўзаро англашув, ҳурмат ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши зарур.

Келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қўшма таълим дастурлари ва стажировкаларни ташкил этиш, фактчекинг соҳасидаги ҳамкорлик, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат таҳририятлари ўртасидаги бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш алоҳида ўрин тутади.
–Ишончим комил, форум янги ғоялар, амалий ташаббуслар ва қўшма медиалойиҳаларни илгари суриш учун муҳим мулоқот майдонига айланади, – деди Шерзод Асадов.
ЎзА