"Президент совғаси" Наманганга етиб келди
Халқимизга хос болажонлик ва юксак инсонпарварлик ифодаси сифатида ҳар йили бутун мамлакатимиз бўйлаб "Президент арчаси" тантаналарини ўтказиш ва оилавий болалар уйлари, ота-она қаровисиз қолган болалар, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3-15 ёшли болалари учун "Президент совғаси"ни топшириш эзгу анъанага айланган.
Маълум қилинишича, Янги йил айёми арафасида мамлакатимиз бўйича 9070 болажонга "Президент совғаси" топширилади. Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Наманган вилоятига ҳам "Президент совғаси" етиб келди. Ушбу совғалар ширинлик, ўқув қуроллари ва китоблардан иборат.

Шунингдек, Болалар шаҳарчалари, Оилавий болалар уйлари ва "SOS" болалар маҳаллаларининг 12 ёшдан катта бўлган тарбияланувчиларига замонавий планшет ҳам совға қилинади.

Наманганда "Президент арчаси" тантанасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 212 нафар бола "Президент совғаси" билан тақдирланади. Мазкур тантанани кўтаринкилик билан ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА