Президент совғаси — Ҳаж сафарига йўлланма
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган ташаббуслар халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.

Айниқса, Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш, хайрия тадбирларини ташкил этиш, бепул жарроҳлик амалиётлари, ифторликлар ва арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ўтказиш каби савобли ишлар халқимизга катта маънавий кўтаринкилик бағишлади.
Ана шу инсонпарвар сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида бугун юртдошларимиздан 100 нафар фуқаро “Президент ҳожиси” мақоми билан муборак Ҳаж сафарига кузатилмоқда. Бу — давлатимиз раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш, айниқса, эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлаш борасидаги юксак эътиборининг яна бир амалий ифодасидир.

Жумладан, Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида яшовчи Абдуҳошим Ўрозовга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳаж йўлланмаси ва Президент совғаси тантанали равишда топширилди. Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев зиёратчи хонадонида бўлиб, давлатимиз раҳбарининг самимий тилакларини етказди.
“Президент ҳожилари” ташаббуси халқ ва давлат ўртасидаги меҳр-оқибат, эътибор ва ишонч мустаҳкамланаётганининг ёрқин намунасидир. Бу нафақат зиёратчилар, балки уларнинг оилалари ва маҳалла-кўйи учун ҳам унутилмас қувончга айланмоқда.
– Ҳаж сафари учун йўлланма ва Президент совғасини қабул қилиб олганим ҳаётимдаги энг унутилмас ва қувончли воқеалардан бири бўлди. Биз оддий инсонларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик қалбимизни чексиз миннатдорликка тўлдиради. Муқаддас жойларда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақи учун дуолар қиламиз, – дейди миннатдорчилик ва севинч ёшларини яшира олмай Абдуҳошим Ўрозов.

Ҳаж инсонни маънан поклайдиган, қалбни эзгулик ва шукроналикка чорлайдиган улуғ ибодатдир. Ҳажда қилинган дуолар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақи учун эзгу ниятларга уйғун бўлиши, шубҳасиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири