Президент совғалари ўқувчиларга байрамона шодлик улашди
Янги йил байрами барчамизга, айниқса кичкинтойлар учун орзиқиб кутадиган, олам-олам таассуротлар қолдирадиган севимли айём ҳисобланади. Элимизга хос болажонлик, юксак инсонпарварлик, меҳру оқибат ифодаси сифатида ҳудудларда анънавий равишда топшириб келинаётган Президент совғалари болажонларга унутилмас хурсандчилик улашмоқда.
Янги йил байрамини карантин талаблари асосида ташкиллашга Наманган шаҳар халқ таълими бўлими томонидан пухта ҳозирлик кўрилди. Хусусан, “Президент совғаси”ни олиб келиш учун махсус машина ташкил этилиб, байрамона руҳда безатилди.

- Умумтаълим мактабларида ўқиётган 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган, боқувчисини йўқотган 29 нафар болага сектор раҳбарлари ва шаҳар халқ таълими бўлими мудири иштирокида “Президент совғалари” вояга етмаганлар яшаётган хонадонларга олиб бориб тарқатилди, - дейди Наманган шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходими Ўткирбек Полвонбоев. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги кўмагида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ўқувчиларга 145 миллион сўмлик байрам совғалари ва қишки кийим-кечаклар туҳфа қилинди.
Қолаверса, шаҳар прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ва Давлат солиқ инспекцияси раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан тегишли секторлар ҳудудларидаги эҳтиёжманд оилалар фарзандларига 17 миллион сўмлик совғалар улашилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.