Президент сайловида овоз бериш якунланди
Бугун – 2023 йил 9 июль куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий тадбир – муддатидан олдин Президент сайлови бўлиб ўтди. Эрталаб соат 08.00 да бошланган тадбир 20.00 да якунига етди.
Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 576 – сайлов участкасида 2 минг 14 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 80 фоиздан ортиғи сайловда иштирок этиб, ўзлари танлаган номзодга овоз берди.
Сайлов участкаси раиси Жалолиддин Холтоевнинг қайд этишича, участкага “Конституция” номли маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси қамраб олинган. Маҳалла аҳли овоз беришда фаол иштирок этди.
Овоз бериш жараёнини сиёсий партиялар вакиллари, жамоатчилик ҳамда халқаро кузатувчилар кузатиб борди.
[gallery-12701]
Хусусан, мазкур участкага 23 нафар халқаро кузатувчи ташриф буюрди. Кузатувчилардан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмади.
Сиёсий партиялар вакилларидан бўлган кузатувчиларга ҳам зарур шароитлар таъминланди.
- Президент сайловида кузатувчи бўлиб иштирок этдим, - дейди “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Яккасарой тумани раиси Фарҳод Саидов. - Сайлов участкасида тўртта партия вакили бўлган кузатувчиларнинг барчасига тенг шароит таъминланди. Овоз бериш жараёнларида ноқонуний ҳолатлар кузатилмади.
Участкада 20.00 да овоз бериш якунланиб, сайлов участкаси комиссияси аъзолари йиғилган овозларни санашга киришди. Кузатувчилар бу жараённи ҳам кузатиб бормоқда.
Н.Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА