Президент сайлови юқори савияда ўтади
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссияси томонидан брифинг ўтказилди.
Тадбирда округ комиссияси раиси Назира Тоғаева жорий йилнинг 9 июль кунига белгиланган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини демократик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда юксак савияда ўтказиш учун 5-Навоий округ сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборот берди.
Таъкидланганидек, сайлов жараёнига старт берилган кундан буён ўтган қарийб бир ярим ой давомида сайловни юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказишнинг барча чоралари кўрилиб, ҳар бир фуқаро ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини таъминлаш учун барча қулайликлар яратилди.
Округ сайлов комиссияси ҳудудидаги 413 участка сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ва амалдаги сайлов қонунчилиги асосида барча зарур ашё ва анжомлар билан жиҳозланиб, комиссия аъзоларининг билим ва кўникмалари оширилди.
[gallery-12615]
Сайлов бюллетенлари сайлов участкаларига ўз вақтида етказилди. 5 июль куни якунига етган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида 13509 нафар фуқаро иштирок этиб, ўз конституциявий бурчини бажарди.
– Сайловда иштирок этаётган ҳар бир сиёсий партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлари учун тенг шароитлар яратилиб, уларнинг сайловолди учрашувлари юқори савияда, тенглик тамойилларига амал қилинган ҳолда ўтказилиши таъминланмоқда, – деди Н.Тоғаева. – Шу кунга қадар сайловолди ташвиқотлари билан боғлиқ бирорта ҳам шикоят ёки мурожаат келиб тушмади. Округимиз ҳудудидаги ҳар бир туман ва шаҳардаги иккитадан сайлов участкасида кузатув камералари ўрнатилиб, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнлари Марказий сайлов комиссиясига онлайн узатилади.
Вилоятда 14 ОАВнинг 40 нафардан ортиқ вакили Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилиб, брифинг сўнггида уларга тегишли тартибдаги гувоҳномалар топширилди
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА