Президент сайлови ҳақида тушунча берилди
Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда 2021 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови ҳамда Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан 2021 йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови, шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 18 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Тадбирда халқимизга хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилат ва қадриятларни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш борасида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мазкур фармон билан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланганлиги таъкидланди.
Шунингдек, «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш, ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш ҳамда динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш каби мавзулар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА