Президент қарори амалда: қудуқлиликлар ерли бўлди
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022-2025 йилларда босқичма-босқич захирага қайтариш ҳамда бу ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш учун фуқароларга 10 йилга ижарага бериш белгиланган эди.
Жумладан, Самарқанд вилоятида тўрт йил давомида 15 минг 760 гектар, жорий йилда эса 6303 гектар ерни аҳолига аукцион орқали бўлиб бериш кўзда тутилган. Албатта, бунда ҳам маълум бир тартиб-таомиллар мавжуд. Ер оламан, деган ҳар кимга ҳам ер ўлчаб берилмайди. Белгиланганидек, ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга ҳамда 2022 йил 1 мартдан кейин хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига алоҳида устуворлик берилади.
Мазкур қарор асосида Жомбой туманида ҳам 232 гектар ер майдони аукцион савдоларига қўйилиб, 1194 нафар фуқарога бўлиб берилган.
– 15 сотихдан 30 сотихгача берилган бу ер майдонларида аҳоли томонидан “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида помидор, картошка, булғор қалампири, карам, ловия каби ўсимликлар асосий экин сифатида парваришланмоқда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ғ.Хўжаев. – Ҳар бир қишлоқ, ҳудуд аввалдан шуғулланиб келган деҳқончилик турлари бўйича экин эккан. Аксарият маҳаллаларимиз аҳолиси картошка, помидор, ловия етиштириш ҳадисини олгани учун ижарага олган ерларида ҳам шу экинларни экди. Шунингдек, контурлар бўйича бир маҳсулот етиштиришга эътибор қаратилди. Муҳими, етиштирилаётган ҳосилга харидор бор, ҳар бир маҳаллада етакчи тадбиркор, фермер танланган. Улар зарур бўлса, аҳолига маҳсулотни етиштириш жараёнида ҳам агротехник маслаҳат беради, моддий ёрдам кўрсатади. Туманнинг Қудуқли маҳалласида йил аввалида 26,2 гектар ер майдони лотларга бўлинган ҳолда e-auksion платформаси орқали савдога чиқарилган эди. Мазкур ер майдонлари танлов асосида 162 нафар фуқарога камида 10 сотихдан ўн йиллик ижарага берилди. Хусусан, “Темир дафтар”га киритилган 21 нафар кам таъминланган, ишсиз фуқаро, “Ёшлар дафтари”даги 94 нафар йигит-қиз, “Аёллар дафтари”даги 17 нафар хотин-қиз ерли бўлди.
– Саккиз йил чет мамлакатда ишлаб, рўзғор тебратдим, – дейди Қудуқли маҳалласида яшовчи Рустам Абдиев. – Биласиз, мусофирчиликнинг нонини ейиш осон эмас. Болалардан узоқда, хавфсизлик кафолатланмаган ҳолатда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Лекин бошқа илож бўлмаганидан кейин, бориб ишлашга мажбур эдик. Ёшим улғайгани сари бу қийинчиликлардан юрак безиллаб қолди. Шунинг учун 2015 йилдан бошлаб, маҳалламиздаги фермерлар билан келишиб, улардан ер олиб, деҳқончилик билан шуғулландим. Ишлаган одам ризқини топади, меҳнат қилиб кам бўлмадим. Ўтган йил 50 сотих ерда помидор етиштириб, 40 миллион сўмдан ортиқ даромад қилдик. Томорқадан ҳам қарийб шунча пул топдик. Бу йил ишсиз, ёрдамга муҳтож аҳолига ижарага ер берилишини эшитиб, тўрт ўғлим, икки келинимнинг ҳужжатларини топшириб, аукционда қатнашдик. Ҳар бирига 20 сотихдан, жами 1,2 гектар ер ажратиб берилди. Кўпчилик ловия экди. Биз эса тўлиқ помидор экдик. Ҳисоблаб кўрсам, ловиядан бир йилда икки марта ҳосил олинганда ҳам помидорчалик даромадли эмас. Ҳозир ҳар куни оиламиз билан шу ердамиз. Экинга ишлов берамиз, бегона ўтлардан тозалаймиз. Суғориш учун артезиан ҳам қазиб олдик, жуда чуқур эмас, 7-8 метрдан сув чиқди. Насиб этса, 100 тоннадан ортиқ ҳосил оламиз. Контур четига 200 туп олма кўчати келтириб экдим, яна рўзғор учун бошқа экинлар ҳам бор. Ўн йилга ижарага бўлса ҳам ўз еримиз бўлгани яхши-да. Энг муҳими, ўзим, болаларим оиламиз бағридамиз, ишимиз, даромад манбамиз бор.
Ҳудуддаги “Жомбой” муқобил машина трактор парки раҳбари Акрам Сафаровнинг таъкидлашича, захирага олинган ҳамда 148 фермер хўжаликлари томонидан ажратилган ер майдонлари ҳозирда тўлиқ аҳолига бўлиб берилган.
– Аксарият фуқаролар йилнинг биринчи ҳосилини йиғиштириб олиш арафасида турибди, – дейди Акрам Сафаров. – Яқин кунларда картошка, ловия, карам йиғиштириб олинади. Кейин иккинчи экин экиш бошланди. Кўпчилик картошка экишни мўлжаллаб турибди, яхши даромад олиш мумкин. Яна кўплаб фуқароларимиз фермерлар ер берса ғалладан бўшаган майдонларда ҳам экин экиш ниятида. Ҳозирдан мурожаат қилишяпти. Уларга албатта, ер берилади. Ишлайман, меҳнат қиламан, деган одамни қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга тайёрмиз. Тумандаги аҳолининг шахсий томорқа майдонларида ҳам бугун кўплаб деҳқон хўжаликлари ташкил этилган. Ҳозирда 40 минг 380 дан ортиқ шундай хўжаликлар ҳисобида 3432 гектар ер майдони мавжуд. Бу томорқаларда асосий экин турлари, жумладан, 1500 гектар ерда сабзавот, 140 гектарда полиз, 1368 гектарда картошка, 185 гектар дуккакли экинлар экилган.
[gallery-7283]
Ғолиб Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА