Президент қарор ва топшириқлари ижрода ва назоратда
Бухоро вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан илк бор фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда ҳамда давлат идоралари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг ижроси ҳолати бўйича жамоатчилик мониторинги ва эшитуви ташкил этилди.
– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Президентимизнинг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга кўмаклашиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ижро назорати самарадорлигини ошириш бўйича фуқаролик жамияти институти вакилларининг фикр-мулоҳазаларини тинглашдан иборат, – дейди Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Баҳронов. – Мазкур жамоатчилик мониторингида Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026-йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда унда белгиланган инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Жумладан, манзилли рўйхатда белгиланган инвестиция лойиҳаларидан бири “Ғайрат Чодак” МЧЖда жинси шим ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестиция лойиҳасининг 2-босқичи бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.
– Ушбу инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида экспорт ҳажми 30 фоиз (16 миллион АҚШ доллар), ички бозордаги ҳажми 70 фоиз (36 миллион доллар)га етказилган, 450 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланган, – дейди Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Мирзо Раҳматов.
[gallery-9773]
– Мамлакат аҳолиси турмуш даражаси ва ислоҳотларнинг натижадорлиги бевосита ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган ҳужжатлар ва топшириқларни ижро этиш бўйича интизомнинг қатъийлиги ва самарадорлигига боғлиқ, – дейди Бухоро вилояти адлия бошқармаси масъул ходими Соҳиб Бақоев. – Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айнан мазкур йўналишда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Шу муносабат билан қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган Президентимизнинг 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сонли фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга асосан адлия органларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Амалга оширилган ўрганишлар ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан топшириқлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш ҳолати бўйича аҳолини хабардор қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Жамоатчилик эшитуви давомида Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори ижросини таъминлашга ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига масъул бўлган давлат идоралари мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.
Тадбир сўнгида кўрилаётган барча чора-тадбирлардан кўзланган пировард мақсад энг аввало халқимиз турмуш шароитини яхшилаш эканлиги, бунинг учун қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали таъминлаш, давлат идоралари ва жамоатчилик вакилларининг ижро назорати соҳасида ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш ва жамоатчилик мониторинги каби институтлардан кенг фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА