Президент мактуби: ёшларга илм ва ватанпарварлик даъвати
Давлатимиз раҳбарининг набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби бугун кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилиб, у миллат келажаги бўлган юрт фарзандларига қаратилган мурожаат экани алоҳида таъкидланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида ўтказилган “Ёш авлодларга мурожаат: ватанпарварлик, илм-маърифат ва инсоний фазилатлар тарбияси” мавзусидаги очиқ мулоқотда ҳам ушбу мактуб мазмуни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида юртимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган кенг имкониятлар эътироф этилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг болалик хотиралари асосида бугунги авлодга етказган фикр-мулоҳазалари юртимизда инсон қадрини улуғлаш, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар моҳиятини ўзида яққол намоён этади. Бутун Ўзбекистон ёшларига қаратилган самимий тилак ва ҳаётий насиҳатлар ёшларда миллий ғурур ва ифтихор, илм-маърифатга интилиш, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик каби юксак фазилатлар бўй кўрсатишига замин бўлади.

— Президентимизнинг суюкли набирасига битилган мактубини ўқир эканман, унда боболарга хос самимий меҳр, чуқур ҳаётий тажриба ва юксак тарбия намунасини кўрдим, — дейди Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Мадина Баратова. — Ундаги ҳар бир фикр, ҳар бир ўгитда фарзанд ва набиралар келажагига бўлган чексиз меҳр, уларнинг камолини кўриш истаги мужассам. Давлатимиз раҳбарининг “Мен қайси лавозимда фаолият юритмай – депутатми, ҳокимми, Бош вазирми ёки давлат раҳбарими, ҳамиша халқ оғирини енгил қилиш, мушкулини осон этишни асосий мақсад, ўз ҳаётимнинг маъно-мазмуни, деб билганман”, деган сўзлари халқ манфаатларига хизмат қилиш, юрт тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳар бир раҳбарнинг энг муҳим бурчи эканини яна бир бор англатади. Бу фикрлар барчамизни ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга, халқ манфаати йўлида фаол ва ташаббускор бўлишга чорлайди.

Мулоқот давомида сўз олган ёшлар Президент мактубидан олган таассуротлари, унда илгари сурилган эзгу ғоя ва ташаббусларнинг ёшлар ҳаётидаги аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мактубдаги ғоялар уларни янги марралар сари ундагани, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва вақтни қадрлашга чорлаганини қайд этди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида Президент мактубининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, уларни илм-маърифатга интилишга ундайдиган ташаббусларни кўпайтириш, шунингдек, мактубда илгари сурилган юксак инсоний фазилатларга амал қилиш лозимлиги таъкидланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА