Бир кунда тайинланадиган пенсия, янги тизим қандай ишлайди?
Пенсия ёшига етган инсоннинг вақти ҳужжат излаш ва идорама-идора юришга эмас, ўз режаларини амалга оширишга сарфланиши керак. Пенсия тизимида жорий этилаётган янги тартибларнинг асосий мақсади ҳам ана шу оворагарчиликни бартараф этишдан иборат.
Баҳодир ака 60 ёшга тўлди. Кўп йил меҳнат қилди. Энди бироз дам олиш, саёҳат қилиш, невара ва яқинлари билан кўпроқ вақт ўтказишни режалаштиряпти. Аммо пенсия масаласига келганда кутилмаган муаммо чиқди, меҳнат дафтарчасида қайд этилган айрим иш йиллари электрон тизимда кўринмаяпти. Демак, маълумотларни аниқлаштириш ва рақамлаштириш зарур.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 28 сентябрдаги қарори билан пенсия хизматларини босқичма-босқич тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказиш белгиланди. Проактив тизимнинг моҳияти оддий, фуқаро пенсия тайинлаш учун алоҳида мурожаат қилиб, ҳужжат йиғмайди. Пенсия жамғармаси зарур маълумотларни тегишли давлат ахборот тизимларидан электрон шаклда олади ва жараённи ўзи бошлайди.
Бугун ёшга доир ва ногиронлик пенсиялари шу тартибда тайинланмоқда. 2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам фуқаронинг алоҳида мурожаатисиз, проактив шаклда расмийлаштирилади.
Пенсия жамғармаси Ижро этувчи директорининг ўринбосари Нуриддин Шодихўжаевнинг таъкидлашича, янги тартибларнинг асосий мақсади фуқароларнинг вақт сарфлаши, турли идораларга қатнаши ва қоғоз ҳужжат тўплашига бўлган эҳтиёжни бартараф этишдир.
– Аввал фуқаролар бир неча турдаги ҳужжатларни ташкилотлардан йиғиб, кейин пенсия тайинлаш учун мурожаат қиларди, – дейди у. – Бу жараён анча вақт оларди. Янги тартиблар натижасида бугун пенсияни бир кун ичида тайинлаш имкони яратилди.
Фуқаро пенсия ёшига етганда Пенсия жамғармаси тегишли вазирлик ва идораларга электрон сўров юборади. Иш стажи, иш ҳақи, ўқиш даври, жамғариб бориладиган пенсия тўловлари, ҳарбий хизмат ва бошқа зарур маълумотлар ахборот тизимларидан олинади. Шу асосда пенсия ҳисобланиб, тайинланади ва натижа ҳақида фуқаронинг телефон рақамига SMS-хабар юборилади (телефон рақами мавжуд бўлмаса, хабарнома почта орқали етказилади).
Аммо тизим муаммосиз ишлаши учун бир муҳим шарт бор, фуқаронинг меҳнат фаолиятига оид маълумотлар электрон базада тўлиқ ва тўғри акс этган бўлиши керак.
Масалан, меҳнат дафтарчасида 20–30 йиллик иш стажи қайд этилган бўлиши мумкин. Агар унинг бир қисми Ягона миллий меҳнат тизимига киритилмаган бўлса, электрон база бу даврни автоматик тарзда кўрмайди. Албатта, бу пенсия олиш ҳуқуқи йўқолади дегани эмас, шунчаки етишмаётган маълумотни олдиндан рақамлаштириш ёки тўғрилатиш талаб этилади. Нуриддин Шодихўжаев ҳам пенсия ёшига яқинлашган фуқаролар ўз маълумотларини аввалроқ текшириб бориши муҳимлигини қайд этади.
– Пенсия муаммосиз тайинланиши учун иш стажи ва иш ҳақига оид маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилган бўлиши шарт. Фуқаро ўз маълумотлари электрон тизимда тўғри акс этаётганини текшириб бориши лозим, – дейди у.
Ҳозир ишлаётган фуқароларнинг меҳнат фаолиятига оид маълумотлари иш берувчининг кадрлар бўлими орқали рақамлаштирилади. Ишламаётган ёки меҳнат фаолиятини тугатган фуқаролар эса яшаш ҳудудидаги камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига мурожаат қилиб, меҳнат дафтарчасидаги маълумотларни электрон базага киритишлари мумкин.
Маълумотлар ҳолатини my.gov.uz ёки my.mehnat.uz порталлари орқали ҳам текшириш имкони бор. Бу ишни пенсия ёшига етганда эмас, олдинроқ бажариш муҳим. Чунки стаж ёки иш ҳақида камчилик аниқланса, уни тузатиш учун етарли вақт бўлади.
2027 йил 1 январдан пенсия хизматларида қоғоз ҳужжатларни қабул қилиш амалиётини бутунлай бекор қилиш белгиланган. Шу санадан “Менинг пенсиям” онлайн хизмати ишга туширилиб, пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш йўлга қўйилади. Бу эса фуқарога ўз маълумотларини пенсия тайинланишидан анча аввал текшириб олиш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, рақамлаштириш – шунчаки қоғоз ҳужжатни электрон шаклга ўтказиш эмас, балки пенсия тайинлаш фалсафасини ўзгартиришдир. Энди маълумотни фуқаро эмас, тизим излайди, фуқаро эса фақат ўз маълумотларининг тўлиқ ва тўғрилигини назорат қилиб боради.
Яна Баҳодир ака мисолига қайтсак, унинг пенсияга чиқишидаги асосий масала қоғоз меҳнат дафтарчасининг бор-йўқлиги эмас, балки ундаги стаж ва иш ҳақи маълумотлари электрон тизимда тўлиқ акс этганидадир. Зеро, пенсия ёшига етган инсоннинг вақти ҳужжат излаш ва идорама-идора юришга эмас, ўз режаларини амалга оширишга – дам олиш, саёҳат ва яқинлари билан вақт ўтказишга сарфланиши керак. Пенсия тизимида жорий этилаётган янги тартибларнинг асосий мақсади ҳам ана шу оворагарчиликни бартараф этишдан иборат.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири