«Битта аскар – битта касб» тамойили амалда
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги Ўрнак аҳоли яшаш пунктида жойлашган ҳарбий қисмда «Битта аскар – битта касб» тамойили асосида ташкил этилган касб-ҳунар ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган муддатли ҳарбий хизматчиларга сертификатлар топширилди.
Мазкур ташаббус ёшларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларни эгаллашига кўмаклашиш ҳамда уларни хизматдан кейинги мустақил ҳаётга тайёрлашга қаратилган.
Ўқув машғулотлари давомида иштирокчилар танлаган йўналишлари бўйича назарий билимларини мустаҳкамлаш баробарида зарур амалий кўникмаларни ҳам эгаллади.
Белгиланган таълим дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган йигитларга топширилган сертификатлар келгусида уларнинг меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши, бандлигини таъминлаши ва ўз салоҳиятини намоён этишида муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-32702]
Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус доирасида эгалланган касбий кўникмалар, шунингдек, хизмат давомида шаклланган интизом, масъулият, тиришқоқлик ва қатъият каби фазилатлар ёшларнинг мустақил ҳаётда ўз ўрнини топиши учун мустаҳкам замин яратади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА