Президент мактабига пресс-тур ташкил этилди
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни Нукус шаҳридаги Президент мактаби фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб Президент мактабида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Президент мактаби, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш жараёни юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидланганидек, ёшлар ижодкорлигини ривожлантириш, қобилиятли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий билимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида Президент мактаблари фаолияти, мақсад ва вазифалари белгилаб берилди.
Президент мактабларига ўқувчиларни қабул қилиш юқоридаги қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президент таълим муассасалари агентлиги Cambridge International Assessment ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижалари асосида амалга оширилади.
2021-2022 ўқув йили якунига кўра, 15 нафар битирувчи мактабда таҳсил олиш билан бир пайтнинг ўзида етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг синовларидан муваффақиятли ўтиб, ижобий натижалар олди ва жами 3 миллион 178 минг АҚШ доллари миқдорида грант соҳибларига айланди.
Битирувчи Айзада Баймуратова жорий йилги ёзги таътилда Оксфорд ва Кембридж университетларида билим олиш учун ёзги оромгоҳ гранти ғолиби бўлди. Шу билан бирга жаҳон рейтингида 41-ўринда турадиган Жанубий Кореянинг KAIST университетига тўлиқ грант асосида қабул қилинди.
Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Зулфия Қтайбекова IELTS имтиҳонида 8,5 баллни қўлга киритиб, Қорақалпоғистон Республикасидаги топширилган IELTS халқаро имтиҳон натижалари рекордини янгилади. Шу жумладан, Diplomacy Education йўналишининг финал босқичида ғолиб бўлиб, Италияга 5 кунлик ташриф йўлланмасини қўлга киритди ва Европанинг бир қатор давлатларига саёҳат қилиш бахтига муяссар бўлди.
7-8-синф ўқувчилари орасида ўтказилган Ал-Хоразмий олимпиадасининг Ўзбекистон Республикаси босқичида 8-синф ўқувчиси Жавоҳир Саъдуллаев физика фани бўйича 1-ўринни эгаллади.
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони асосида жорий йил 1 сентябрга қадар вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилиб, қабул жараёнлари бошланади. Ушбу қарор асосида Қорақалпоғистон Республикасининг 13 та туманида ихтисослаштирилган мактаб, Нукус шаҳри ва Қўнғирот туманида ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилади.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш жараёни бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
[gallery-7473]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА