Президент: “фан-клублар аъзолари ҳар бир ўйинда чин ўзбекона, бетакрор услуби билан ўн иккинчи ўйинчи вазифасини муносиб бажармоқда”
Президент Шавкат Мирзиёев “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтаётган футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига кузатиш маросимида нутқ сўзлади.
–Бугун стадионда фан-клубларимизни ҳам кўриб турибман. Улар терма жамоа ўйинларини нафақат трибунадан кузатяпти, балки футболчилар билан бирга курашяпти, футболнинг ичида яшаяпти.
Фан-клублар аъзолари ҳар бир ўйинда чин ўзбекона, бетакрор услуби билан ўн иккинчи ўйинчи вазифасини муносиб бажармоқда. Ишончим комил, улар мундиалда ҳам минглаб юртдошларимиз, хориждаги ватандошларимиз билан бирга худди ҳозиргидек ғайрат-шижоат ва ҳайқириқлар билан футболчиларимизни қўллаб-қувватлашади.
Юртимизда футбол аллақачон ҳар бир оиланинг дўстига айланиб улгурган, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Кўриб турибман, бугун ҳам кўпчилигингиз стадионга фарзанд ва набираларингиз билан келгансиз. Спортчиларимиз эришаётган ютуқлардан руҳланиб, уларнинг орасидан ҳам янги-янги чемпионлар, албатта, чиқади, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўтган йили пойтахтимизда 100 гектардан зиёд майдонда 5 та йирик спорт мажмуасини ўз ичига олган Олимпия шаҳарчаси қуриб битказилди. Янги Тошкентда ФИФА стандартларига тўлиқ жавоб берадиган 55 минг ўринли муҳташам стадион қад ростламоқда.
Мазкур стадион юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари учун катта совға бўлади. Бундай замонавий иншоотлар юртимизда кўплаб нуфузли халқаро спорт мусобақаларини ўтказишга хизмат қилади, спортчиларимизни янада улкан ва ёрқин ғалабалар сари етаклайди, – деди Президентимиз.
ЎзА