Президент эътироф этган сирдарёлик тадбиркорлар
Тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини ҳисобланиб, бугунги кунда мазкур соҳани ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини янада кенгайтириш ва рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши, дея таъкидлаганлари амалда ўз исботини топмоқда. Тизимда самарали меҳнат қилиб, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тадбиркорларга Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида Муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари миннатдорчилик билдирдилар.


Бу юксак эътирофга сазовор бўлганлар сафида Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган ишбилармон тадбиркорлар жумладан: “Энг кўп иш жойлари яратган тадбиркор” Норматов Мухиддин Эркинович – “Sirdaryo mega lyuks” МЧЖ раҳбари, Абдураҳмонов Дурбек Халйигитович – “Poly tex Sirdaryo” МЧЖ раҳбари, Тожимирзаева Гузалхон Баҳодир қизи – “Wang da group” МЧЖ раҳбари, Хасанова Саидбиби Нематовна – “Orchid-beauty” МЧЖ раҳбари, “Энг яхши солиқ тўловчи” сифатида Ураков Қўзибой – “Baxtteks-farm” МЧЖ раҳбари, Гафуров Умар Хасанович – “Temur med farm” МЧЖ раҳбари борлиги таҳсинга лойиқдир.

Вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев давлатимиз раҳбарининг миннатдорчилик хати ва эсдалик совғаларни эгаларига топшираркан, меҳнатлари билан юртимиз иқтисодий ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб, аҳоли бандлигини таъминлашда ўрнак бўлаётганликларини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, келгуси фаолиятларига ривож ва улкан муваффақиятлар тилади.
Шухрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА