“Президент арчаси” тантаналари бошланди
Пойтахтимиздаги “Томоша” болалар театр-студиясида “Президент арчаси” тантаналари бошланди. Шу муносабат билан “Томоша” болалар театр студиясига “Sos-Болалар маҳллалари”, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, оилавий болалар уйлари, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари таклиф этилди.
Аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида болаларни оилавий муҳитда вояга етказиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу ибратли ташаббуси бугунги кунда мамлакатимизда кенг қулоч ёйгани эътиборлидир.
[gallery-10122]
Юртимиздаги барча Меҳрибонлик уйлари Миллий гвардия томонидан оталиққа олинди. Ҳар бир кўнгли ярим ўғил-қизнинг беками-кўст камол топиши, миллий анъана ва қадриятлар руҳида улғайиши, таълим олиши, жамиятга интеграциялашуви давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном олган 2023 йилда бу борадаги эзгу ишлар ҳажми янада кенгайиши, янгича маъно-мазмун билан бойиши аҳамиятлидир.
– Бу йил “Президент арчаси” тантаналарига ўттиз йил тўлди, – деди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги болаларни ижтимоий ҳимоялаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рўзибек Тўраев. – Шу сабаб бу йил байрамни янада баланд руҳда ўтказиш учун Халқ таълими вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар томонидан алоҳида тайёргарлик кўрилди.
Дарҳақиқат, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчиларнинг болалари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари иштирокида ҳар йили Янги йил байрами олдидан анънавий тарзда “Президент арчаси” тадбири ўтказиб келинади.
2022 йилги “Президент арчаси” тадбирига Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тақдим этган рўйхатлар асосида 3-15 ёшдаги 9 минг 873 нафар ўғил-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Уларга 10,2 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “Президент совғаси” тайёрланиб, жойларга етказилди.
20-25 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларга “Президент совғаси” етказилди. 29-30 декабрь кунлари вилоят ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ва халқ таълими бошқармалари томонидан республиканинг барча ҳудудларида “Президент арчаси” тадбирлари ташкил қилинади ҳамда болаларга “Президент совғаси” тарқатилади.
Маълум сабабларга кўра, байрам тадбирларига кела олмаган болалар учун совғалар ҳокимлик, секторлар вакиллари, миллий гвардия ва халқ таълими вакиллари томонидан уларнинг уйларига борган ҳолда тантанали тарзда топширилади.
Ҳудудларда бўлиб ўтадиган “Президент арчаси” тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан зарур эҳтиёт чоралари кўрилган.
“Томоша” болалар театр студиясида мусиқа садолари янграйди! Бу ерда болажонлар учун “Томоша” болалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Янгибекнинг орзуси” номли театр томошаси намойиш этилди.
Мазкур байрам дастури Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Болажон” ва “Ақлвой” телеканаллари томонидан байрам кунлари ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.
“Томоша” болалар театр студиясида ўтказилаётган “Президент арчаси” тадбирининг такрорий сеанслари жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари соат 10:30 ва 13:30 ларда бўлиб ўтади.
Янги йил томошалари ниҳоясида барча болаларга “Президент совғаси” топширилди.
Назокат Усмонова,
Даврон Эрназаров (суратлар)
ЎзА мухбири