Президент арчаси байрами болаларга бир олам шодлик улашди
Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида анъанага айланган Президент арчаси байрами кўтаринки руҳда ўтди. Янги йил арафасида уюштирилган мазкур тадбир вилоятнинг барча ҳудудларидан келган юзлаб болажонларга қувонч ва эсда қоларли таассуротлар бахш этди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, болажонларни самимий табриклади. Вилоят раҳбари ўз нутқида ҳар бир боланинг бахтли, соғлом, билимли ва маънавиятли бўлиб вояга етиши мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, келажак эгалари бўлган ёш авлодга эзгу тилаклар билдириб, уларнинг оиласи ва устозлари меҳнатини алоҳида эътироф этди.
Бу йилги Президент арчаси байрамида вилоятнинг 11 та туман ва шаҳридан ташриф буюрган 340 нафар бола иштирок этди. Улар орасида меҳнаткаш ва кам таъминланган оилалар фарзандлари, ёш ижодкорлар, таълимда алоҳида ютуқларга эришган ўқувчилар ҳам бор. Тадбир доирасида болаларга Президент совғалари тантанали равишда топширилди. Совғаларни қабул қилаётган болаларнинг қувончли қиёфаси бутун залга янада ёрқин байрам руҳини улашди.

Театр ҳам Янги йил кайфиятида безатилган бўлиб, саҳнада ранг-баранг ёруғликлар, махсус тайёрланган композициялар, қорбобо ва қорқизнинг чиқишлари, рақс ва қўшиқлар билан бойитилган саҳна кўринишлари томошабинларга байрамона кайфият ҳадя қилди. Болалар учун тайёрланган интерактив ўйинлар, қўшиқ ва рақслар барча иштирокчиларнинг қувончига қувонч қўшди.

Байрам яна бир эзгу анъана — ғамхўрлик ва меҳр-шафқат тимсоли сифатида ўтди. Чунки бундай тадбирлар нафақат болалар учун байрам шодиёнаси, балки уларнинг қалбида меҳр, эътибор ва эъзоз туйғусини кучайтиради. Энг муҳими, Сирдарёда ўтказилган Президент арчаси тадбири, шубҳасиз, ҳар бир боланинг хотирасида илиқ, самимий ва унутилмас лаҳза сифатида сақланиб қолади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири