“Пойжўй” маҳалласи обод бўлмоқда
Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимизнинг ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир.
Бу эзгу ният йўлида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойимоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган янгича тизим “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳамда бошқа тадбирлар халқимиз, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги олис ва оғир ҳудудларда ҳам кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Туман ҳокимлиги ва туман Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида тумандаги оғир ҳудудлар тоифасига киритилган 5 та ҳудуддан бири бўлган 4-секторга қарашли Пойжўй маҳалла фуқаролар йиғинида белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида ободонлаштириш, таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш, муаммоларни хонадонбай ўрганиш, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ва бошқа тадбирлар амалга оширилди.
Тадбирга тумандаги 20 дан ортиқ ташкилот ва корхоналардан 300 га яқин ишчи-ходимлар жалб этилди. Пойжўй маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 4 та – Юқори Пойжўй, Қуйи Пойжўй, Ўзбакон, Қалиболо қишлоқлари жойлашган. Бу ҳудудда 3 минг 900 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

– Тадбир давомида иккита кам таъминланган, ногиронлиги бўлган хонадоннинг том қисми шифер қилиб берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ромитан туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Ғ.Муяссаров. – Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан “Пойжўй”, “Қалиболо” қишлоқларининг 660 метр ички хўжалик йўллари шағаллаштирилди. Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 2 та трансформатор ва 2,2 километр ҳаво линиялари жорий таъмирланди. Туман газ таъминоти корхонаси томонидан 1 минг 250 метр газ қувурлари текисланиб, бўёқланди. 3 та газ тақсимлаш пунктлари жорий техник тафтишдан ўтказилди. Туман сув таъминоти корхонаси томонидан маҳалла ҳудудидан ўтувчи ичимлик сув қувурининг Пойжўй, Қалиболо қишлоғидан ўтувчи қисмининг 5 та жойида жўмрак ўрнатиб, ишга туширилди.

Туман Ободонлаштириш бошқармаси ишчи ходимлари томонидан 500 метр ариқ ҳашар қилинди. 1,5 километр узунликдаги йўл ёқалари ободонлаштирилди. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари томонидан 408 та хонадон ўрганилиб, аниқланган 26 нафар ишсиз фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлиги таъминланди. Туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан 50 га яқин фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Тадбир давомида туман Халқ қабулхонаси томонидан ҳудудда яшовчи аҳоли билан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда қатнашган 19 нафар фуқародан 24 та масала юзасидан мурожаатлар қабул қилинди. 4 таси жойида қаноатлантирилди. Қолган 20 та мурожаат ижро учун тегишли соҳаларга йўналтирилди ва тизимга киритилиб назоратга олинди. Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими томонидан беш ташаббус доирасида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири