Пойтахтнинг транспорт тугунлари ва бекатларида сайёҳлар учун бепул юклаб олинадиган хариталар жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда қайд этилишича, йил бошидан буён Тошкент шаҳрига қарийб 3 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг аксарияти тарихий обидалар, истироҳат боғлари, бозорлар, кафе-ресторанлар ва туристик маҳаллаларни пиёда айланишни, хотиржам сайр қилишни афзал кўради.
Шу муносабат билан шаҳарда йўл кўрсаткичлари, қулай маршрутлар ва рақамли хариталар тизимини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Мутасаддиларга автобус бекатлари, вокзал, аэропорт ва метро станцияларида сайёҳлар учун шаҳар маршрутларини кўрсатувчи, мобил телефонларга бепул ва осон юклаб олинадиган хариталарни жорий этиш топширилди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент азалдан тоза, озода ва «яшил» шаҳар сифатида эътироф этиб келинганини ёдга олди. Шу билан бирга, кўчалар, хиёбонлар ва парклардаги тозалик даражаси аҳоли ҳамда туристлар талабига қай даражада мос экани танқидий таҳлил қилинди.
Бу масала оддий кўринса-да, аслида, юксак маданият ва қадрият экани қайд этилди. Маҳалла раислари, нуронийлар ва фаолларга аҳоли билан бирга ободончилик, дарахт экиш ва уларни парваришлаш ишларига бош-қош бўлиш, ёшлар қалбига «Тозалик остонадан бошланади» деган қадриятни сингдириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда пойтахт меҳмонлари ва сайрга чиққан аҳоли учун замонавий ҳожатхоналар етишмаслиги ҳам танқид қилинди. Бир ой муддатда алоҳида дастур ишлаб чиқиб, шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15–20 тадан замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди. Шунингдек, шаҳар бўйлаб чиқинди қутиларини кескин кўпайтириш бўйича ҳам зарур чоралар кўриладиган бўлди.
ЎзА