Халқ дипломатиясининг тирик ёдгорлиги
Мамлакатимизнинг миллий суверенитети ва давлат мустақиллиги ғояларининг сиёсий-ҳуқуқий кафолатларини ўзида ифодалаган янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосидаги тараққиёт йўлимиз минтақада яхши қўшничиликни ривожлантириш ҳамда Ватанимизнинг халқаро обрў-эътиборини оширишда мустаҳкам таянч бўлмоқда. Айниқса, кейинги ўн йил давомида кечаётган янгиланиш жараёнлари жаҳоннинг турли давлатлари билан ўзаро манфаатли, ҳурмат ва ишончга асосланган мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Америка Қўшма Штатлари 1776 йил 4 июль куни Мустақиллик декларацияси қабул қилиниши билан ташкил топган. 4 июль санаси АҚШ Мустақиллиги куни саналади. Ушбу давлат ташкил топганига 250 йил тўлди. Айни пайтда ушбу давлатнинг Сиэтл шаҳрида “Тошкент” боғининг барпо этилганига 55 йил тўлди.
Сиэтлдаги «Тошкент» боғи, 55 йиллик дўстлик, 35 йиллик мустақиллик ва 250 йиллик ҳамкорлик руҳи юзасидан Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг маслаҳатчиси Турсунали Қўзиев қуйидаги фикрларни билдирди:
– 2026 йил уч муҳим тарихий сана билан аҳамиятли. Америка Қўшма Штатлари ўз давлатчилигининг 250 йиллигини нишонламоқда. Янги Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини катта ютуқлар билан қарши олмоқда. Шу билан бирга, бундан 55 йил муқаддам АҚШнинг Сиэтл шаҳрида барпо этилган «Тошкент» боғи ҳам тарихий санасини нишонламоқда.
Бир қарашда бу саналар бир-бирига боғлиқ эмасдек кўринади. Аслида эса уларни бирлаштириб турадиган чуқур маъно бор. Бу - халқлар ўртасидаги ишонч, ўзаро ҳурмат ва маданий дипломатия ғояси.
Сиэтлдаги «Тошкент» боғи икки шаҳар тарихи эмас. У инсоният тарихида маданият, илм-фан ва санъат сиёсатдан ҳам устун кела олишини исботлаган ноёб воқеадир.
Эътиборлиси шундаки, бу тарих аслида илм аҳли томонидан бошланган эди.

1960 йилларда Вашингтон университети билан Тошкент илмий муассасалари ўртасида академик алоқалар йўлга қўйилди. Бу муносабатларнинг ривожида ўзбек тили ва маданиятининг фидойи тадқиқотчиси профессор Илзе Циртаутаcнинг хизмати беқиёс бўлди. Илзе Циртаутаc наинки ўзбек тилини мукаммал эгаллади, балки уни Америка академик муҳитига олиб кирган илк олимлардан бири бўлди.

1971 йилда Сиэтл шаҳрига ташриф буюрган Тошкент вакиллари икки шаҳар муносабатларида янги саҳифа очиб, бу ўз навбатида Сиэтл ва Тошкент АҚШ ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги биринчи расмий қардош шаҳарларга айланди.
1974 йил июль ойида Сиэтл шаҳрида «Тошкент» боғи тантанали равишда очилди. Бу Америкада Марказий Осиёдаги шаҳар шарафига ташкил этилган илк жамоат боғларидан бири бўлиб, халқ дипломатиясининг бетакрор рамзига айланди.
1988 йилда эса ушбу дўстликка муносиб жавоб сифатида Тошкентда Сиэтл боғи барпо этилди. АҚШнинг турли штатларидан икки юзга яқин кўнгилли Тошкентга келиб, ўзбек дўстлари билан елкама-елка ишлади.

Боғнинг марказига америкалик машҳур ҳайкалтарош Ричард Бейернинг «Life, Love, Time and Game» ҳайкали ўрнатилди.
Яна бир ноёб ташаббус — «Тошкент учун 10 000 та керамик плитка» лойиҳаси эди. Минглаб америкалик мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар ва Сиэтл аҳолиси ўз қўллари билан безаган керамик плиткалар Тошкентга келтирилиб, боғнинг бадиий қиёфасини яратди.
Америкалик кўнгиллилар АҚШнинг барча эллик штати ҳудудидан тошлар олиб келиб, уларни Тошкент тупроғи билан бирга «Ер тепалиги» пойдеворига жойлаштирдилар.

Бу бутун инсоният ва келажак авлодларга йўлланган рамзий мурожаат бўлган эди. Юртлар , жамиятлар турлича бўлиши мумкин, аммо Ер сайёраси битта. Маданиятлар турлича бўлиши табиий, аммо инсоний қадриятлар муштаракдир.
Мустақиллик йилларида ушбу эзгу анъана янги мазмун билан бойиди. Бугун Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шерикларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ташқи сиёсат натижасида икки мамлакат ўртасида сиёсий ва иқтисодий муносабатлар билан бир қаторда маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда.
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлатлардан бири сифатида мамлакатимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини юксак қадрлаб келмоқда. Бу, айниқса, маданий меросни асраш соҳасида яққол намоён бўлмоқда.
Америкалик археологлар ва университетлар ўзбекистонлик олимлар билан биргаликда қадимий шаҳарлар ва археологик ёдгорликларни тадқиқ этмоқда.
Лангар масжидини консервация қилиш, Кампиртепа археологик мажмуасини сақлаш ва тадқиқ этиш, Шердор мадрасаси пештоқидаги ноёб кошинларни консервация қилиш, музей фондларидаги қўлёзмаларни реставрация қилиш, Қорақалпоғистондаги “Миздаҳқан” мажмуасидаги обидаларни таъмирлаш каби лойиҳалар АҚШ Элчисининг маданий меросни сақлаш жамғармаси ва Америка илмий муассасалари иштирокида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ноёб маданий мероси АҚШ музейлари ва университетларида ўтказилаётган кўргазмалар, илмий анжуманлар ва маданий дастурлар орқали Америка жамоатчилигига кенг танитилмоқда. Бу эса ярим аср аввал бошланган халқ дипломатияси бугун ҳам ҳаётбахш эканининг амалий тасдиғидир.
Халқларимиз ўртасидаги маданий мулоқотнинг яна бир гўзал тимсолини Японияда ҳам кўриш мумкин. Токио шаҳридаги Сока университети сакура хиёбонида жаҳон адабиётининг икки буюк намояндаси — Алишер Навоий ва Уолт Уитмен ҳайкаллари бир-бирига рўпара қилиб ўрнатилган. Гўё улар икки қитъа ва икки цивилизация номидан бир-бирини қарши олаётгандек. Бу ҳайкаллар бизга ҳақиқий шеърият ва гуманизм давлат чегараларини тан олмаслигини эслатади.
Токиодаги Навоий ва Уитмен, Сиэтлдаги «Тошкент» боғи, Тошкентдаги Сиэтл боғи — буларнинг барчаси бир эзгу ғоянинг турли қитъалардаги ифодаси. Улар маданият ва санъат давлатлар ўртасидаги энг мустаҳкам кўприкларни қуришга қодир эканини намоён этади.

Улар бизга бир ҳақиқатни эслатади: халқлар ўртасидаги ҳақиқий кўприклар бетон ва пўлатдан эмас, балки ишонч, ўзаро ҳурмат, санъат, маданият, илм-фан ва умумий тарихий хотирадан қурилади.
Бугун АҚШ давлатчилигининг 250 йиллиги, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги ва Сиэтлдаги «Тошкент» боғининг 55 йиллиги нишонланаётган паллада ушбу ғоя ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Бу юбилейлар бизга давлатлар ўртасидаги муносабатлар расмий ҳужжатлар билан бошланиши мумкинлигини, аммо уларнинг ҳақиқий мустаҳкамлиги инсонлар қалбида, маданият, таълим, илм-фан ва санъат орқали қарор топишини яна бир бор эслатади.
Ярим аср аввал Сиэтлда экилган дўстлик уруғи бугун Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик шерикликнинг мустаҳкам дарахтига айланиб бормоқда. Унинг илдизлари халқ дипломатиясида, танаси ўзаро ишончда, меваси эса тинчлик, тараққиёт ва келажак авлодлар манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорликда.
Дўстликка, биродарликка, илм-маърифатга интилган қалблар қурган ана шундай кўприклар вақт синовидан ўтади. Чунки улар инсон қўли билан эмас, инсон қалби билан барпо этилади.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.