Пойтахтнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви тайинланди
Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойишига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномасида қайд этилган ҳолатлар юзасидан пойтахтнинг 10 та туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади.
Текширувдан кўзланган асосий мақсад, агентлик томонидан аниқланган эҳтимолий қонунбузилишлар, хизмат вазифаларини бажаришдаги камчиликлар ҳамда коррупциявий хавф-хатарларга оид важларни ҳар томонлама ўрганиш ва уларга ҳуқуқий баҳо беришдан иборат.
Хизмат текшируви Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Яшнобод туманлари ҳокимларини қамраб олади. Фармойишга кўра, махсус комиссия текширувни холис ва сифатли ўтказиб, унинг натижалари бўйича тегишли хулосаларни расмийлаштиради. Зарур ҳолларда жараёнга бошқа давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари ҳам жалб қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтишимиз керакки, фармойишда текширувга асос бўлган аниқ қонунбузилишлар ёки айбловлар очиқланмаган. Хизмат текшируви қайд этилган ҳолатларни ўрганишга қаратилган бўлиб, унинг якуний хулосаларига кўра тегишли қарорлар қабул қилиниши мумкин.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА