Пойтахтимизда бир кунда 4 та янги ижтимоий объект фойдаланишга топширилди
Тошкент шаҳрида аҳоли учун муҳим бўлган таълим ва тиббиёт муассасалари бир кунда ишга туширилди.
Хусусан, Янгиҳаёт тумани, "Янгигулзор" МФЙда 335-сонли мактаб ҳудудидаги бўш ер майдонига 760 ўринли қўшимча бино қурилиб фойдаланишга топширилди.

Аввал 320 ўринли бўлган мактабнинг умумий қуввати 1 минг 80 ўринга етказилди. Натижада болаларни қамраб олиш коэффициенти 2.2 дан 1 га тушди.
Сергели тумани "Алишер Навоий" МФЙда ҳам янги 1650 ўринли 359-сонли мактаб қурилиб, ўқувчилар учун замонавий таълим муҳити яратилди.

Шунингдек, Инвестиция дастури асосида 500 қатновга мўлжалланган Марказий кўп тармоқли поликлиника учун янги бино фойдаланишга топширилди. Бу эса аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтирди.
Бектемир тумани "Абай" МФЙда ҳам 583-сонли 360 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти болажонлар учун ўз эшикларини очди.



Эндиликда ушбу янги объектлар таълимдаги ўрин етишмовчилигини камайтириш, тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ҳамда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА