Пойтахт туманларининг ҳар бири ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ йўналишларга ихтисослашади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилиш аввалида бугунги мураккаб шароитда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшимча қиймат, инвестиция ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга янгича ёндашиш зарурлиги таъкидланди.
Пойтахт туманларининг ҳар бири ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ йўналишларга ихтисослашиши лозимлиги қайд этилди.
Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида Тошкентга кириб келаётган юкларни саралаш, қадоқлаш, тақсимлаш ва етказиб беришга ихтисослашган йирик логистика мажмуаларини ташкил этиш учун катта имконият бор.
Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод ва Яккасарой туманларида замонавий бизнес ва молиявий марказларни кўпайтириш орқали 2 миллиард долларлик капитал бозорини шакллантириш ҳамда 20-25 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Олмазор, Чилонзор ва Учтепада эса таълим, тиббиёт, савдо ва сервис соҳаларида камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, 15-20 мингта иш ўрни яратиш салоҳияти мавжуд.
ЎзА