Меҳнат миграцияси: 9 ойда 34 та давлатда 287 мингдан ортиқ иш ўрни аниқланган
Мамлакатимизда меҳнат миграциясини тартибга солиш, хорижда меҳнат қилиш истагидаги юртдошларимизга кўмаклашиш, чет давлатларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ташқи меҳнат миграциясининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Меҳнат миграцияси йўналишида халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда.
Парламент қуйи палатасида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси аъзолари иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, унда меҳнат миграцияси соҳасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Тадбирда ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг Ўзбекистондаги доимий делегацияси аъзолари, Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Болалар Омбудсмани ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирок этди.
ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг Миграция масалалари бўйича махсус қўмитаси раиси Фараҳ Карими Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда мамлакат фуқароларига хорижда муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.
Давра суҳбатида бугунги кунда меҳнат миграцияси географияси кенгайиб бораётгани, анъанавий бозорлардан ташқари Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия ва АҚШ каби ривожланган мамлакатлар билан юқори маошли иш ўринларига кадрлар тайёрлаш бўйича келишувлар тузилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари учун лицензия талаблари енгиллаштирилиб, хорижга чиқувчиларга тил ўрганиш, касбга тайёрланиш ва дастлабки харажатлар учун 10 миллион сўмгача микрокредитлар бериш тизими жорий этилгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, меҳнат миграцияси борасида чет эллик ҳамкорлар билан олиб борилаётган ишлар натижасида шу йилнинг 9 ойида 34 та давлатда ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 минг АҚШ доллари ва ундан юқори бўлган 287 мингдан ортиқ иш ўрни аниқланган. Мамлакатимиз фуқароларини сифатли, муносиб иш ўринларига жойлаштириш борасида қатор давлатларда яна янги имкониятлар кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга, хориждаги меҳнат мигрантларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масалаларига доимий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида меҳнат миграцияси соҳасида миллий тажриба алмашиш, хориждаги меҳнат мигрантларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, бу борада парламентлараро ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш лозимлиги қайд этилиб, бир қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.
М.Комилова,
ЎзА