Пойтахт туманлари таркибига ўтган 46 та маҳалланинг инфратузилмавий муаммолари тўлиқ ҳал этилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда ҳудудлардаги инфратузилмавий муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, Тошкент вилояти ҳудудидан олти йил олдин Сергели туманига қўшилган 13 та маҳаллада 14,5 минг хонадон мавжуд бўлиб, уларда 50 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Бироқ ушбу ҳудудлар аҳолиси ҳалигача шаҳар муҳитини тўлиқ ҳис қилгани йўқ.
Мазкур маҳаллаларда кўчаларни ёритиш учун 629 та темир-бетон устун ўрнатилиб, кабель тортилган бўлса-да, тизим ҳалигача ишга тушмагани қатъий танқид қилинди.
Мутасаддиларга ўн кун муддатда ушбу масалани ҳал қилиш топширилди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар мазкур маҳаллаларни канализация тармоғига тўлиқ улаш вазифаси қўйилди.
Сергели туманида аҳоли ва тадбиркорлар сони ошгани сабабли электр энергиясига бўлган йиллик талаб беш йилда 40 фоизга кўпайган. Оқибатда айрим маҳаллаларда электр кучланиши меъёрдан 1,5–2 баравар пастлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан “Шаҳаролди”, “Ўзгариш” ва “Қумариқ” нимстанцияларини ишга тушириш учун жами 107 миллиард сўм маблағ ажратилган. Мутасаддиларга ушбу объектларни аниқ муддатларда ишга тушириш ва аҳолини кафолатли электр таъминоти билан йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Умуман олганда, пойтахтнинг Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари таркибига ўтган 46 та маҳаллада электр, сув, канализация ва йўл бўйича бирорта ҳам ҳал этилмаган масала қолмаслиги кераклиги алоҳида таъкидланди.
ЎзА