Поп туманида йирик мажмуа ишга тушди
Наманганда туризм салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кенг жалб этиш мақсадида татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар ўз самарасини бермоқда.
Вилоятнинг Қамчиқ довони билан боғловчи Поп туманида хостел, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш шохобчаларини ўз ичига олган йирик комплекс фойдаланишга топширилди.
“Pop fayz stom” масъулияти чекланган жамияти томонидан 17 миллиард сўм маблағ эвазига барпо этилган уч қаватли йирик мажмуа таркибидан 30 мижозга мўлжалланган хостел, 50 ўринли тикув цехи, 50 кишига хизмат кўрсатувчи тамаддихона, 30 аёл-қиз бир вақтни ўзида шуғулланиш имконини берувчи фитнес зали, 50 кишини қабул қилувчи 4 та сауна ва бир вақтнинг ўзида 20 кишига хизмат кўрсатувчи умумий сауна хоналари, қурилиш моллари ва мебел жиҳозлари савдо дўконлари ўрин олган.
Мазкур мажмуада ускуналарни сотиб олиш, биноларни тайёрлаш, ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнлари учун тадбиркор Алижон Турсунбоев ҳисобидан 15 миллиард сўм, банк кредити эвазига 2 миллард сўм маблағ сарфланди.
[gallery-412]
Қайд этиш жоиз, коплекснинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 миллиард сўмга тенг бўлиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни 50 фоизини Россия ва Беларусь давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Мажмуа ишга тушиши натижасида янги 120 та янги иш ўрни яратилди. Поп тумани прокурори, иккинчи сектор раҳбари Ҳусниддин Ҳакимовнинг таклифига асосан “Темир дафтар”га киритилган кам таъминланган хонадонларда яшовчи 26 киши тикув цехига, 8 нафари хостелга, 6 нафари умумий овқатланиш шахобчасига доимий ишга жойлаштирилди.
Туризм салоҳиятини ошириш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган тадбиркорликнинг ушбу йўналиши бўйича ишга туширилган лойиҳа ишга тушиши билан жамият ҳар ойда давлат бюджетига 12 миллион сўмлик солиқ тўловларини амалга оширади. Тадбиркор бундай амалий саъй-ҳаракатлар билан чекланиб қолмасдан, келгуси йил бошида ўз маблағи ҳисобидан 8 миллиард сўмлик логистика хизмати кўрсатишни ташкил этиб, яна 40 та қўшимча иш ўрни яратишни кўзда тутган.
Мажмуани фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов бундай объектлар яна кўп барпо этилиши, келгусида Поп, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида экотурузмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишилиши ҳамда мазкур йўналишларда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига Президентимиз фармон ва қарорлари асосида имтиёзлар берилишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА