Поп ўриклари хорижга экспорт қилинмоқда
Фасллар келинчаги баҳорнинг айни қизиётган дамларида Наманган вилоятининг Поп туманида пишиб етилган ўрик меваси масумда биринчилардан бўлиб Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Корея каби ўнлаб давлатларга экспорт қилинади.
Қайд этиш керакки, тоғли ҳудудларга туташ йирик туманда бир неча йиллардан буён даштликдан иборат бўлган, мақсадсиз ва самарасиз ётган ерларда интенсив боғ яратилиб, инновацион технологиялар жорий этилди.

Омилкор тадбиркор, Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП фаоли Анвар Қодиров томонидан “Nuran.uz” мева-сабзавотчилик кластери МЧЖ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида яроқсиз ерлар яшил масканга айлантирилди. Ушбу майдонга тўртта қудуқ қазилиб, 102 гектар ерда томчилатиб суғориш йўли билан Испания давлатидан келтирилган эртапишар, ҳосилдор ўрик, шафтоли, наъматак навлари экилди.
Ҳозирги кунда 500 та мавсумий ва 50 та доимий ишчи ўрни яратган мева-сабзавотчилик кластерида жорий йилги мавсум давомида ўрикнинг ўзидан 1000 тонна атрофида ҳосил олиш ҳамда чет давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА