Полина “Roland Garros”да яна ғалаба қозонди
Франциянинг Париж шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Roland Garros” турнирида саралаш баҳсларининг ярим финал баҳслари ўтказилди. Унда мамлакатимиз шарафини Мария Тимофеева ва Полина Кудерметова ҳимоя қилди.
Асосий тўрга чиқиш учун ўтадиган мазкур босқичда Полина ярим финалда болгариялик Виктория Томовани 7:6, 6:7, 6:3 ҳисобида таслим этган бўлса, Мария аргентиналик теннисчи Мария Лурдес Карлега 6:2, 0:6, 6:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Шу тариқа, улар саралашнинг финалига йўл олган П.Кудерметова хитойлик Ван Сиюй билан рақобатлашади. Баҳс эртага 21 май куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, “Roland Garros” турнирининг аёллар ўртасидаги мукофот пули 29 миллион 137 минг 500 АҚШ долларини ташкил этади. Дарвоқе, мусобақада мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова асосий тўрнинг илк даврасида иштирок этадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА