Покистоннинг собиқ Бош вазири терроризмда айбланмоқда
Покистон полицияси собиқ Бош вазир Имрон Хонга қарши терроризмга қарши қонунни бузганлик айбловини қўйди. Британиянинг “The Guardian” газетаси хабарига кўра, шанба куни сиёсатчи Исломободдаги митинг пайтида полиция ва судга нисбатан кескин қарши чиқишлар қилган.
Мақолада айтилишича, собиқ Бош вазир ҳозирча озодликда қолмоқда. Шунингдек, Хон раҳбар бўлган “Адолат ҳаракати” мухолифат партиясининг юзлаб фаоллари унинг уйини тинтув қилдирмаслик учун атрофини ўраб олишган.
“The Guardian” нашри ёзишича, Хон қўйилган айблов асосида бир неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Ушбу сиёсатчига илгари ҳам бир неча бор айб эълон қилинган ва ўшанда ҳам воқеа ҳеч қандай салбий оқибатга олиб келмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 10 апрель куни Имрон Хонга ишончсизлик билдирилиб, у Покистон Бош вазири лавозимидан четлаштирилган.