Покистонда қотилликни режалаштиришда СИдан фойдаланган шахсга нисбатан иш очилди
Исломободда Миллий кибер жиноятларни тергов қилиш агентлиги (NCCIA) собиқ аёл танишини ўлдириш билан таҳдид қилган ва сунъий интеллект ҳамда рақамли платформа орқали қотиллик усулларини излаган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда “Associated Press of Pakistan” нашри хабар берди.
Тергов идораси вакили маълум қилишича, расмий суриштирувдан сўнг рақамли технологияни суистеъмол қилиш ва таҳдид солиш факти бўйича тегишли тартибда иш олиб борилмоқда.
Биринчи ахборот ҳисоботида (FIR) гумонланувчи СИдан жиноят содир этиш йўли ва усули ҳақида маълумот олишга урингани қайд этилган. Агентлик вакиллари айблов юзасидан суриштирув давом этаётгани, тафсилот қонуний тартибда аниқланишини билдирди.
Ушбу воқеа СИ ва рақамли алоқа воситаларидан таҳдид қилиш, қўрқитиш ва бошқа ноқонуний мақсадда фойдаланиш билан боғлиқ жиддий хавотир келтириб чиқарди. Шу муносабат билан NCCIA рақамли технологияни масъулият билан қўллаш зарурлиги, бундай қурилмалардан инсонга таҳдид солиш, ваҳима тарқатиш ёки жиноий ҳаракатни қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш мутлақо мумкин эмаслигини таъкидлаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА