Хитойда гиперкар рекорд қўя олмади
“Life” онлайн нашри хабар беришича, Хитойда жаҳон рекордини янгилашга уринган гиперкар соатига 500 километр тезликда ағдарилган. Хайриятки, ҳайдовчи тирик қолган.
– BYD компанияси “Yangwang U9 Xtreme” электр автомобили ёпиқ йўлда жиддий аварияга учради, – деб ёзган нашр. – Ҳайдовчи бошқарувни йўқотгач, машина айланиб кетди ва тўсиққа урилди. 3000 от кучига эга машина металл уюмга айланди, орқа ўқ бутунлай узилиб кетди. Ҳайратланарлиси, ҳайдовчи жароҳат ҳам олмаган, ҳатто қочишга улгурган.
Хабар қилинишича, аввалроқ Германияда айни турдаги машина тезлиги 496,22 километр/соатга чиқиб, дунёдаги энг тезкор автомобиль сифатида тан олинган эди.
Шу ой Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган пойга чоғи ушбу рекордни янгилаш, гиперкарни 500 километр/соат тезлик билан ҳаракатланишига эришиш режалаштирилган.
С.Раҳимов, ЎзА